Конимех тумани 1926-йилда ташкил этилган. Туманнинг номланиши билан боғлиқ турли ривоятлар ва тахминлар мавжуд.
Нақл қилишларича, Эрон шоҳининг ўғли Шопур Туран шу ўлкада яшаган Меҳрибону исмли гўзалга ошиқ-у беқарор бўлиб қолади.
У қизга уйланиб, севгилисининг ҳурматига Зарафшон дарёсидан канал (канал, анҳор форсчада «ком» дейилади) қаздириб, унга Комимеҳр деб ном беради. Асрлар давомида бу сўз ўзгаришларга учраб, Конимех шаклига келади.
Иккинчи ривоятга кўра, ушбу ҳудудда Мех исмли кекса чўпон яшаган. Зарафшон дарёсидан оқиб келувчи анҳорга шу отахон ҳурматига Комимех деб ном қўйишган. Кейинчалик бу ном Конимехга айланган.
Илм аҳли эса туман номи «Оташпарастлар анҳори» маъносини англатади деб ҳисоблашади. Буни «мех» ёки «муғ» сўзи оташпараст деган маънони билдириши билан изоҳлайдилар. Чунки ислом динига қадар ушбу ҳудуд аҳолиси зардуштийлик, яъни оташпарастлик динига эътиқод қилган.
Қадимий тарихга эга мазкур туманнинг ер майдони 15,5 минг квадрат километр. Бу ерда ўзбеклар, қозоқлар, қорақалпоқлар ва бошқа миллат вакиллари аҳил-иноқ яшашади. Маҳаллий аҳоли ўзининг миллий урф-одатларини, анъаналарини, ўзига хос кийимларини сақлаб қолган. Улар асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланадилар.
Бешбармоқ миллий таомини маромига етказиб тайёрлашда Навоий вилоятида конимехликларнинг олдига тушадиганлар йўқ. Ушбу таом ҳам, конимехликларнинг ўтовлари ҳам туманга ташриф буюрадирган сайёҳларни ҳайратга солиб келмоқда.
Маҳлиё ХОЛОВА тайёрлади.
