Учқўрғон тумани ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори, маёр Музаффар Ҳайдаровнинг «Шуҳрат» медали билан тақдирланиши унинг камтарона хизматига берилган рағбат бўлди. Ушбу эътироф Музаффарни янада ғайрат-шижоат, садоқат билан хизмат қилишга ундамоқда.
Лавҳамиз қаҳрамони илғор фикрли, зиммасидаги вазифаларни масъулият билан уддалайдиган ходим. Тарғибот тадбирларида фаол, бир сўз билан айтганда, ўз соҳасининг билимдони.
Унинг ташаббуси билан йил бошидан буён 3 та жиноят иши очилган. Профилактик тадбирлар давомида 268 та ҳуқуқбузарликни аниқлаб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаган.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 8 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилиб, фуқаролардан келиб тушган 54 та ариза, шикоят ва мурожаатларни батафсил ўрганиб чиқиб, барчаси бўйича қонуний қарорлар қабул қилган.
Профилактик ҳисобга олинган
22 нафар шахс томонидан қайта жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган ҳамда 6 нафар муқаддам судланган шахснинг ишга киришига кўмаклашган.
Маҳалла яраштирув комиссияси таркибида иштирок этиб, 16 та
оила-турмуш доирасидаги муаммонинг ижобий ҳал этилишига ҳамда 9 та оиланинг ярашувига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олди.
– Турли соҳа фидойилари қаторида фарзандим Музаффарнинг тақдирланишидан ота сифатида бошим
осмонга етди. Қаддим тоғдек кўтарилди, – дейди мукофот соҳибининг падари бузруквори Раҳмонали Ҳайдаров.
Ички ишлар соҳаси машаққатли меҳнатни талаб этади. 25 йилдан буён тун-у кун халқ тинчлигини сақлашга қўшишдаги заҳматлари инобатга олингани, хизматлари эътироф этилиши юртимизда инсон қадр-қиммати улуғлиги, адолат борлигининг исботидир.
– Рақамлар ортида профилактика инспекторининг заҳматли меҳнатлари мужассам. Осойишталикни таъминлаш, маҳаллани тинч ва обод ҳудудга айлантириш борасида тиним билмай хизмат қилаётгани эътирофга лойиқ, – дейди Учқўрғон тумани ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи, маёр
Адҳамжон Ўринов.
Мукофот соҳибини қутлаб, яқин қариндошлари, ҳамкасблари, дўстлари, маҳалладошлари қўнғироқ қилишади. Бу қувончли хабарни, айниқса, ота-онаси Раҳмонали ака ва Хатичахон ая, турмуш ўртоғи Муқаддамхон, фарзандлари Жавоҳир, Шодиёна ва Мухлиса ўзгача хурсандлик билан қарши олишди.
Бахт ва ҳаловат ошиёнида доимо қўллаб-қувватловчи инсонларнинг ишончи уни доимо катта мақсадлар сари ундайверади.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,
ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
