Ўзбекистон Республикаси ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонлигида қўмондонлик ҳамда 7251-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари иштирокида профилактик машғулот ташкил этилди.

Машғулотда Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Эшмуҳаммад Қодиров иштирок этиб, “Коррупция – давлат ва жамиятнинг энг асосий кушандаси” мавзусида маъруза қилди. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ойлиги доирасида кўплаб ишлар амалга ошириб келинаётганини таъкидлаб, бу жараёнда ҳамма фаол иштирок этиши кераклигини қайд этди. Барча, шу жумладан ҳарбий хизматчилар ҳам коррупцивий ҳолатларга йўл қўймаслиги, унга қарши курашиши, бундан ҳолатларга бефарқ бўлмасдан, раҳбарларга ўз вақтида ахборот беришлари лозимлигини тушунтириб ўтди.

– Орамизда коррупцияга фақат ҳуқуқ-тартибот идорлари қарши курашиши керак, дейдиганлар ҳам учраб туради, – деди Эшмуҳаммад Қодиров. – Лекин бу нотўғри. Бу иллатга қарши қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар ҳамма биргаликда курашиши, унинг олдини олиши лозим. Зеро унга жамоавий тарзда курашгандагина мақсадимизга эришишимиз мумкин бўлади.

Ўз мухбиримиз.