Кундалик озиқ-овқатлар орасида, айниқса, гўшт ва гўшт маҳсулотлари алоҳида сақлаш ва санитария-гигиэна қоидаларига қатъий риоя этишни талаб қилади. Акс ҳолда тез фурсатда яроқсиз ҳолга келиб, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Буни барча, хусусан, бундай маҳсулотлар савдоси билан шуғулланаётганлар жуда яхши билишади.

Бухородан Тошкентга қараб йўлга чиққан В.П машинасида сотиш учун олиб кетаётган 285 кг йирик шохли мол гўштини санитария назоратидан ўтказмади. Ҳойнаҳой, илгари ҳам шу тахлитда иш тутган бўлиши мумкин. Лекин “Кўза кундамас, кунида синади” деганларидек, бу сафар қилмиши фош бўлди.

“Навоий” мунтазам йўл-патрулъ масканида ЙПХ ходимлари уни тўхтатишди. Ҳайдовчи пойтахтга бораётганини айганидан сўнг, ППХ ходимлари юкхонани кўздан кечиришди. Мол гўшти юкхонада очиқ ва тартибсиз ҳолатда олиб кетилаётган эди. Бу эса санитария-гигиэна талабларига мутлақо зиддир. Шунинг учун гўшт махсус лаборатория текширувига жўнатилди. Ҳайдовчига нисбатан маъмурий далолатнома расмийлаштирилиб, лаборатория таҳлилига кўра яроқсиз деб топилган гўшт белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.