Она юртимиз тинчлик-осойишталиги йўлида куну тун ўзининг фидойи хизматини аямасдан фаолият юритиб келаётган ҳарбийларимиз талайгина. Улардан бири кичик сержант Ҳожиқўзиев Бахтиёржон Сойиббой ўғлидир. У 1985 йилнинг 13 октябрида Наманган вилоятининг Чортоқ туманида таваллуд топган. 2004 йили Наманган шаҳридаги Агротадбиркорлик коллежининг Ҳуқуқшунослик мутахассислигини аъло баҳоларга битирган.
Илк хизматини 2011 йилда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Тошкент шаҳрида жойлашган 7534-ҳарбий қисмда назоратчи-ўқчи лавозимида бошлаган ёш ҳарбий устозлари ёрдамида касб қирраларини пухта эгаллаб, ҳозирда ҳам мазкур ҳарбий қисм тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлинмаси масъул ижрочиси лавозимида муваффақиятли хизмат қилиб келмоқда
Ўзининг интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва тиришқоқлиги билан барчага намуна бўлиб келаётган тиниб-тинчимас бу йигит зиммасига юклатилган вазифаларни ҳам вақтида бажариб, жамоанинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлаётир.
Бундан ташқари, пойтахтимиздаги кўплаб таълим муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини ҳам мунтазам равишда ўтказиб келаётган лавҳамиз қаҳрамони ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишда ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Шунингдек, фаолияти давомида ижобий натижаларга эришиб келаётган Б. Ҳожиқўзиевнинг хизматлари раҳбарият томонидан ҳам муносиб эътироф этилиб, кўплаб маротаба рағбатлантириб келиняпти.
Шу боисдан, кичик сержант Бахтиёржон Ҳожиқўзиевнинг мамлакатимиз тинчлик-осойишталиги йўлидаги машаққатли хизматида улкан муваффақиятлар тилаб, келгуси фаолиятида бундан-да, юқори марраларни забт этишини тилаб қоламиз!
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
