2021-йилнинг 10-декабр куни тунги соат 2:30лар эди. Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги “Бектемир” ЙПХ масканидан ўтиб кетаётган “Кобалт” русумли автоулов тўхтатиб текширилганида, йўловчи сифатида келаётган Қўқон шаҳрилик фуқаро Д. Э.нинг ёнидан 27 дона “Тропикамид” психотроп моддаси топилади.
Жорий йилнинг 5-январ куни 21:05 ларда худди шу ЙПХ масканида яна бир оқ рангли “Кобалт” русумли автоуловни тўхтатилади. Шу ерда хизмат олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 2-махсус сафарбарлик баталёни 1-отряд ходими, катта сержант Ўктам Жўраев кинология хизмати ходими билан ҳамкорликда автоуловда йўловчи сифатида келаётган 2000-йилда туғилган А.Ч.ни текшириб кўришганида, унинг ёнидан яшил рангли, ўткир ҳидли селлофан пакетга ўралган гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланади.
Ушбу икки ҳолат бўйича аниқланган қонунбузар шахслар Бектемир тумани Ииофмбга олиб бориб топширилган.
Ўз касбининг фидойиси бўлган катта сержант Ў. Жўраев охирги бир ой ичида ҳамкасблари билан мана шу икки ҳолатдаги каби 10 га яқин жиноятни сергаклик ва ҳушёрликни оширган ҳолда, ўз вақтида аниқлашга муваффақ бўлди.
Катта сержант Жўраев Ўктам Усмонович 1985-йилда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2008-йил март ойидан бошлаган. ИИВ Академияси Сттокни тамомлаб, 2020-йил 12-сентябридан ППХ бригадасида хизмат қилиб келмоқда.
Сарвар СОБИРОВ,
“Постда” мухбири.
