Лейтенант Шерзод Янгибоэв Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида туғилган. Дастлаб Мирзаобод туманидаги иқтидорли болалар мактабида таҳсил олган Шерзод 2016 йилда Гулистон давлат университети қошидаги 1-сонли академик лисейни аъло баҳоларга якунлади.
Шу йилнинг ўзида ИИВ Академиясига ўқишга қабул қилинди. Мазкур илм даргоҳини тамомлагач, Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг буйруғи билан Сирдарё тумани ИИБ ХПБ “Қуёш” маҳалласи профилактика инспектори лавозимига тайинланди. Шерзод Янгибоэв ёш бўлишига қарамай, хизмат фаолиятидаги ютуқлари билан ҳамкасбларига намуна бўлиб келмоқда.
Хизмат фаолияти давомида синчковлиги, маҳалла фуқаролари билан тезда тил топишиб кетганлиги, мавжуд муаммоларни ҳал қилишда қўл келди. Шу сабабли ҳам ўтган йили маҳаллада ноқонуний ов қуроли сақлаш, гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаш ва етиштириш жиноятлари ўз вақтида аниқланди.
Шерзод хизмат фаолияти давомида “Ҳар бир оила тинчлиги — маҳалла тинчлиги” тамойилига амал қилади. Шу боис 2020 йилда унинг ташаббуси билан маҳалладаги тазйиқ ва зўравонликка учраган 16 нафар аёлга ҳимоя ордери берилди. Бу ўз самарасини бериб, оилалардаги ажрим, ўзаро жанжаллар сони кескин камайди.
Шерзод Янгибоэв маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда маҳалла оқсоқоллари, фаолларини ўз атрофига бирлаштира олди. Бу эса ўтган йилда маҳаллада жиноятчилик камайишига сабаб бўлди. Айниқса, ажрим ёқасига келиб қолган бир нечта оилани яраштириш, спиртли ичимликка ружу қўйган фуқароларни соғлом турмуш тарзига қайтариш борасида жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
“Постда” мухбири.
Сирдарё вилояти.
