Капитан Акмал Нурматов Фарғона вилояти ИИБ 10-сон тергов ҳибсхонаси тартибот ва қўриқлаш бўлими ходими лавозимида хизмат қилади. У 2014 йилда ИИВ Тошкент Олий ҳарбий техника билим юрти (Ҳозирги Миллий гвардия Ҳарбий техника институти)ни тамомлаб, дастлабки фаолиятини ИИВ Ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малакасини ошириш Фарғона шаҳар марказида бошлаган эди. Олий таълим муассасасида аъло баҳоларга ўқиб, устозлари сабоғини пухта ўзлаштирган йигит хизматга сидқидилдан ёндашиб, кўпчиликка намуна бўла бошлади. Ўзига топширилган вазифаларни мукаммал бажариши, фавқулодда вазиятларда тезкор қарорлар қабул қила олиши раҳбариятнинг эътиборидан четда қолмади.

Фарғона вилояти ИИБ 10-сон тергов ҳибсхонаси тартибот ва қўриқлаш бўлими ходими лавозимидаги фаолияти давомида ҳам Акмал Нурматов фидойилик билан хизмат қиляпти. Унинг ҳушёрлиги боис хибсхонага тақиқланган буюмлар олиб кирилишига, маҳбусларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилишига йўл қўйилмаяпти.

Яқинда ҳибсхонада сақланаётган шахслардан бирининг яқинлари озиқ-овқат маҳсулотлари бериб кетади. Уларни маҳбус қабул қилиб олар экан, капитан А. Нурматов маҳсулотлар орасида тақиқланган нарсалар бор-йўқлигини назорат қилиб турарди. Қадоқланган идишда турган чококрем ширинлиги ходимда шубҳа уйғотди.

— Маҳсулотлар орасидаги чококрем вазни одатдагидан оғирроқ туюлди, — дейди А. Нурматов. — Шу сабабдан унинг идишини очишни сўрадим. Маҳбус эса саросимага тушиб: “Шу шартми?” дея мени чалғитишга уринди. Қопқоқ очилганда эса ҳаммаси ойдинлашди.

Маълум бўлишича маҳбусга озиқ-овқат келтирган яқинлари мазкур ширинлик орасига уяли телефон аппаратини полиэтиленга ўраб, ҳибсхонага киритмоқчи бўлган. Тақиқланган буюмни яширин равишда олиб киришга бўлган уриниш бесамар кетди. Ҳушёр ходим эса раҳбарият томонидан муносиб тақдирланди.

Иномжон РАҲИМХЎЖАЭВ,

катта лейтенант.