Жиззах вилояти Зафаробод тумани ИИБ жиноят қидирув гуруҳи катта тезкор вакили, капитан Аброр Абдуалимов 1992-йилда Зафаробод туманида туғилган. У ички ишлар органларидаги фаолиятини 2015-йилда бошлаган. Айни вақтда эгаллаб турган лавозимида 2020-йилнинг февралидан буён хизмат қилмоқда. Хизмат фаолияти давомида у кўплаб ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни фош этишга муваффақ бўлган.
Чунончи, Аброр Абдуалимов Зафаробод тумани “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, фермер хўжалиги раиси Қ.Х.нинг дала майдонидан 2 дона сув насоси ўғирланиши билан боғлиқ жиноятни фош қилди. Мазкур қонунбузарлик Сирдарё вилояти Оқолтин тумани Фарғона шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи А.И. томонидан содир этилган экан.
Қўшимча суриштирув давомида ушбу шахс 2021-йилнинг 24-ноябрида Йўлдош Охунбобоэв номидаги сув истеъмолчилар уюшмаси таркибидаги фермер хўжалиги даласидан томчилатиб суғориш мосламаси ва сув насосини ўғирлаганлигини тан олди. У насосни Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшовчи Ҳ.М.га 6 миллион сўмга сотиб юборганлигини билдирган.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
