Тошкент вилояти ИИББ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим катта инспектори, капитан Дилдора Файзуллаева 1982-йилда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида туғилган.

Тумандаги 1-мактабни тугатгандан сўнг, Тошкент давлат авиация институтида таҳсил олди. У ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2008 -йилда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот марказида оператор лавозимидан бошлади. Кейинчалик ИИВ, Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оққўрғон туманларида турли лавозимларда самарали хизмат олиб борди.

Тошкент вилояти Ииббга ўтгунга қадар капитан Д.Файзуллаэва учинчи минтақавий ҳудуд Оққўрғон тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масаллалари бўйича инспектор лавозимида хизмат қилди. Д.Файзуллаэва ўтган вақт мобайнида турли лавозимларда хизмат қилар экан, давлатимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатга ҳамоҳанг ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, оилавий ажримлар ва жанжалларнинг олдини олиш сингари долзарб муаммоларга асосий эътиборни қаратди. Бугунга қадар аҳоли, асосан ёшлар ва хотин-қизларнинг унга турли масалаларда мурожаат қилишининг боиси ҳам шу.

Ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида оилалардаги ажримлар ҳамда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишларда унинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

– Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш зиммамизга улкан масъулият юклайди, – дейди капитан Д. Файзуллаэва. – Бу борада олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз ижобий натижасини бераётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Кимнингдир ечимини кутаётган муаммосини ҳал қилиб берган, кимгадир оз бўлса-да, ёрдамимиз теккан бўлса энг катта муваффақиятимиз шу.

Уйида хотиржамлик бўлган инсонгина ўзгалар хотиржамлиги учун жой куйдириши мумкин. Шу маънода Дилдорани ишда ҳам оилада ҳам бахтиёр инсонлардан бири дейиш мумкин. У ишда ҳам хизматда ҳам турмуш ўртоғи Фарҳод Холмуродовга суянади. Ф. Холмуродов Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар ИИБ Ташкилий бўлинма бошлиғи лавозимида хизмат қилмоқда, унвони подполковник.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

“Постда” мухбири.