Ватанига, халқига садоқат билан хизмат қилган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Лавҳамиз қаҳрамони Урганч тумани ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори, подполковник Жасур Йўлдашев ҳам ўзининг фидойи хизмати билан ҳаётда ўз ўрнини топди ва халқнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.

Янгибозор туманининг “Бўзқалъа” қишлоғида туғилиб вояга етган Жасур мактабни тугатгач, Урганч давлат университетида таҳсил олди. Ҳарбий хизматдан қайтгач, ИИВ академияси сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсида ўқиган кичик сержант Жасур Йўлдашев вилоят ИИБ ППХ ва ЖЦБ жанговар ҳаракатдаги отряд гуруҳ командири вазифасида хизмат фаолиятини бошлади. Хизмат вазифасига масъулият билан ёндашадиган кичик сержант Жасур Йўлдашев бошқарма раҳбариятининг ишончини қозонди. Шундан сўнг уни вилоят ИИБ алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди гуруҳ командири вазифасига ўтказишди. У бу лавозимга ҳам тезда кўникиб кетди. Спортнинг қўл жанги, самбо турлари бўйича ўтказилаётган кўплаб мусобақаларда, ўқув ва жанговар-тактик машғулотларида фаол иштирок этди. Айниқса, махсус топшириқларни бажаришда ва гумонланувчиларни қўлга олишда ҳамкасбларига ўрнак бўлди. 

Ватанга садоқат билан хизмат қилишни ўз бурчи, деб билган лавҳамиз қахрамони Урганч туманидаги “Чоткўпир”, “Қўнғирот” маҳаллаларида ҳам жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича фидойилик билан хизмат қилди. Айни кунда подполковник Жасур Йўлдашев тумандаги “Олтин кўл” маҳалласида хизмат фаолиятини давом эттирмоқда. 

Юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдаги самарали хизматлари учун Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан профилактика катта инспектори, подполковник Жасур Йўлдашев “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Худойберган ЖАББОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.