Бугунги лавҳамиз қаҳрамони 1985-йилда пурвиқор Нурота тоғи бағридаги мўъжаз қишлоқда, ўқитувчилар оиласида туғилиб вояга етди. Отаси фарзандлари ҳам ўзи каби зиёли бўлишини истаб, уларга касбининг сир-синоатлари, машаққатию роҳатбахш кунлари ҳақида кўп гапирарди. Аммо мактабни аъло баҳоларга битирган Алишер дабдурустдан Тошкент автомобилъ ва йўллар институтига ҳужжат топширишини айтиб қолди. 

Болалигидан оғир-босиқ, шу билан бирга жиддий ўғлидан бу гапни  кутмаган бўлишса-да, ота-онаси унга қаршилик қилишмади. У кириш имтиҳонидан муваффақиятли ўтди. 2010-йилда институтни тугатгач, ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсида ҳам ўқиди.  

Мана, 11 йилдирки, Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида хизмат қилиб келмоқда. Айни пайтда катта лейтенант Алишер Раҳмонов Навоий вилоятининг Учқудуқ тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи лавозимида фаолият олиб боради. У вазифасига ўта масъулият билан ёндашади, “Назорат+тарғибот” тушунчасини ўзига шиор қилиб олган.

Жорий йилда ҳам Алишер Раҳмоновнинг ташаббуси билан самарали ишлар амалга оширилмоқда. Ҳайдовчилар билан учрашувлар чоғида узоқ масофада ҳаракатланиш қоидалари, машинада ухлаб қолмаслик учун ором вақтини ташкил этиш, тезликни меъёридан оширмаслик каби масалаларда маслаҳатлар беради. 

Мактабларда кичик ёшдаги болалар учун ўқув машғулотлари, экскурсиялар ташкил этиб, Йўл ҳаракати қоидалари ҳамда йўл белгиларини ўргатади. Шу кунларда давом этаётган «Диққат, пиёда!» тадбирига бош-қош. Мазкур профилактик тадбир давомида туман ҳудудидаги серқатнов йўлларга яқин бозор, корхона ва ташкилотлар қаршисида жойлашган пиёдалар ўтиш жойларига ЙПХ инспекторларини бириктирди. Ўзи ҳам тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол қатнашиб, пиёда ва велосипедчиларга йўлларда ҳаракатланиш тартибини тушунтиряпти. Шунингдек, қоидабузарлик содир этгани учун маъмурий баённома расмийлаштирилган пиёдаларга келгусида бундай ҳолатларни такрорламасликлари учун уларга йўл ҳаракати иштирокчиси сифатидаги мажбуриятлари тўғрисида батафсил тушунчалар бермоқда.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.