Жиззах вилояти Бахмал тумани ИИБ 2-сонли ички ишлар бўлинмаси жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили, лейтенант Миршароф Бойхўрозов 1994 йилда Бахмал туманида туғилган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2018 йилда бошлаган. Эгаллаб турган лавозимида 2020 йилдан буён хизмат қилмоқда. У 2021 йилда кўплаб ҳуқуқбузарликларни аниқлаб, қатор жиноятларни фош қилди.
Чунончи, тунги соат 2:30 да Бахмал туманининг Ўсмат шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида “Кобалт”ни тўхтатиб, текширганида автомашина юкхонасида 1 бош қўй борлиги маълум бўлди. Автоуловдагилар билан мулоқот давомида Ғаллаорол тумани “Қашқабулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшайдиган йўловчи С.Б. ўзига тегишли майда шохли молни Бахмал туманига сотиш учун олиб келаётганлигини билдирди.
Тезкор вакил бемаҳал юрган С. Б.нинг гап оҳангидан шубҳага борди ва унинг чорва молини қаердан олганлигини суриштиришга киришди. Кўп ўтмай қўй С.Б томонидан Ғаллаорол туманининг “Маданият” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи У.М.нинг оғилхонасидан ўғирланганлиги аниқланди.
Лейтенант Миршароф Бойхўрозовнинг хушёрлиги бир жиноятнинг фош этилиши, шунингдек “Маданият” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи У.М.нинг манфаатларига зиён етишининг олдини олишга хизмат қилди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
