1988-йилда Чироқчи туманида туғилган Ойбек ёшлигидан тўйларда кураш тушиб чиниқди. Курашга бўлган қизиқиши туфайли мактабнинг 6-синфини тугатгач, 2000-йили Қарши шаҳридаги вилоят футбол мактаб-интернатининг кураш бўлимида ўқишни давом эттирди. 2004-йилда Қарши олимпия захиралари коллежининг дзюдо бўлимига ўқишга кириб, уч йил таҳсил олди.
Коллежда ўқиб юрган чоғларида устозлари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Баҳодир Ҳожиэв, жаҳон чемпиони Баҳром Авазовлардан спортнинг дзюдо ва миллий кураш сирларини ўрганди. Вилоят ва республика мусобақаларида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди.
Муддатли ҳарбий хизматни тамомлагач, Қарши давлат университетининг жисмоний маданият факулътетида ўқиди. Олийгоҳда таҳсил олиш билан бирга, мусобақаларда иштирок этиб, дастлаб 73, сўнгра 81 килограмм вазн тоифаларида чемпион бўлди.
Қаҳрамонимиз 2015-йили вилоят Иибга ҳужжат топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, илк фаолиятини Китоб тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлими милисионери вазифасидан бошлади. Зиммасидаги вазифаларни бекам-кўст бажариши билан эътибор қозонди. Тизимда ўтказилган спорт мусобақаларида қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Ундаги ўз хизмат вазифасига масъулият ва спортга бўлган қизиқиш кейинчалик вилоят ИИБ ТВБСО катта мутахассиси вазифасида ишлашига замин ҳозирлади.
Соҳавий хизмат сирларини устози – ТВБСО гуруҳ командири ўринбосари, катта сержант Бекзод Тўраэвдан ўрганди. Зиммасига юкланган вазифаларни сидқидилдан бажариб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида ўзига хос малака ва тажриба тўплади. Ички ишлар вазирлиги миқёсида ўтказилган самбо, жанговар самбо ва миллий кураш мусобақаларида фахрли ўринларни қўлга киритди.
Айни вақтда лейтенант Ойбек Худоёров вилоят ИИБ Касбий тайёргарлик бўлими катта инспектори лавозимида хизмат қилмоқда.
Содиқ РАҲИМОВ,
“Постда” мухбири.
Қашқадарё вилояти.
