Маёр Азизбек Азимов 1984 йилда Жиззах вилояти Зомин туманида туғилган. 2010 йилда Жиззах политехника институтини тамомлади. Соҳадаги фаолиятини 2004 йилда Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмаси ходими лавозимида бошлади. Шундан сўнг ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларида фаолият кўрсатган қаҳрамонимиз айни вақтда Жиззах вилояти Зомин тумани ИИОФМБ бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилмоқда.
Азизбек Азимов масъулиятли ва ташкилотчи раҳбар сифатида шахсий таркибда обрў қозонган. Қаэрда ишламасин, қонунбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни фош қилишга қаратилган тадбирларни самарали ташкил этишга интилади.
У шахсий таркибда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни тизимли равишда амалга оширяпти. Шунингдек, маёр ҳамкасбларининг яшаш жойида бўлиб, уларнинг турмуш шароити билан танишмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра, соҳанинг айрим вакилларига мураббийлар бириктирилиб, кези келганда ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатилаяпти. Азизбек Азимов ходимларнинг китобхонлик маданиятини ошириш чораларини кўрмоқда. Жумладан, бошқармада китоб ярмаркалари тез-тез ташкил этилади.
У ходимлар ўртасида спорт мусобақалари уюштиришга алоҳида эътибор қаратаётир. Маёр ташаббуси билан ҳамкасбларига ибрат бўлаётган ички ишлар органлари ходимлари рағбатлантирилаяпти. Натижада, жорий йилда ходимлар томонидан хизмат интизомини бузиш ҳолати кузатилмади.
Азизбек Азимов жиноят қидирув соҳасидаги тадбирларда ҳам фаол. Хусусан, шу йилнинг 8 мартида Зомин туманининг Ғафур Ғулом номидаги маҳаллада содир этилган қотиллик жиноятининг фош этилишига катта ҳисса қўшди. Маёрнинг намунали хизмати муносиб рағбатлантириляпти. 2020 йилда у Ички ишлар вазирлиги томонидан “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Ростда” мухбири.
Жиззах вилояти.
