Конимех тумани “Боймурот” овул фуқаролар йиғини вилоят марказидан 250 километр олисда жойлашган. Аҳоли турли миллат вакилларидан таркиб топган. Табиатининг ҳам ўзига яраша инжиқликлари бор. Буларнинг барчаси ҳудудда тинчлик-осойишталикни таъминлаш профилактика катта инспектори, маёр Ҳамза Нурматов учун осон кечмаётганини кўрсатади. 

Мазкур овул фуқаролар йиғини 5 та овулдан иборат. Улардаги 536 та оилада 2033 нафар фуқаро истиқомат қилади. Ўтган йили мобайнида “Темир дафтар”га киритилган фуқаролардан 18 нафарига субсидия асосида маиший техникалар олиб берилди, 22 нафари ишга жойлаштирилди. Шу жумладан, 24 нафар аёлга пишириқ печи, тикиш машинаси ва чорва моллари олиб берилди. Шу кунларда янги рўйхат шакллантирмоқда. Инспектор ҳар бир хонадонга кириб, одамлар билан суҳбатлашмоқда. Уларнинг дарду ташвишига шерик бўлиб, муаммоларини ўрганиб, ҳуқуқий маслаҳатлар беряпти. 

Криминоген вазият ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳудудда ўтган йилнинг иккинчи ярмида бирорта ҳам қонун бузилиш ҳолатига йўл қўйилмаган. Маёр Ҳамза Нурматов аҳоли билан чин маънода самимий, дўстона муносабатлар ўрнатган. “Боймурод” ОФЙ аҳли турмуш шароити яхшилаётгани, энг асосийси, ҳудуддаги осойишталик учун қаҳрамонимиздан миннатдор. 

Махлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.