Катта лейтенант Бобожонов Бунёд Рустамович 1983-йилда Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги Юқорибоғ қишлоғида туғилган. 2004-йилда Урганч Давлат университетининг иқтисодиёт факулътетини тамомлаган. Ҳарбий хизматдан қайтгач, Бандликка кўмаклашиш марказининг Урганч тумани бўлимида меҳнат қилди. 2006-йил ИИВ академияси қошидаги Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсини тамомлаб, Хоразм вилояти ИИБ ҲПБ вояга этмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш маркази инспектори лавозимида хизмат фаолиятини бошлаган. У зиммасидаги вазифаларни ўз вақтида бажариш билан бирга ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилаётган турли тадбирларда, кўрик танловларида фаол иштирок этди. Ўзининг тиришқоқлиги, изланувчанлиги, ташаббускорлиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бу йигит кўп ўтмай бошқарма раҳбариятининг эътиборига тушди. Шундан сўнг у вилоят ИИБ Ахборот маркази катта инспектори, Хўжалик бўлими катта инспектори, Ташкилий бошқарманинг ахборот-таҳлил гуруҳи катта инспектори лавозимларида самарали хизмат қилди. Айни кунда лавҳамиз қахрамони вилоят ИИБ Ташкилий бошқарма навбатчилик қисми катта инспектор-навбатчиси вазифасида хизмат фаолиятини давом эттирмоқда.
Жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, содир этилган жиноятларни “иссиқ из”да фош этишда катта лейтенант Бунёд Бобожоновнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. У ички ишлар органларининг куч ва воситаларини марказлашган ҳолда бошқариш, фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларни аниқ ва тезкорлик билан қабул қилиш, тергов-тезкор гуруҳи ходимларини кечиктирмасдан ҳодиса жойига йўналтириш, содир этилган воқеа-ҳодисалар бўйича этарли маълумотларга эга бўлиш каби вазифаларни амалга оширишда куну-тун фидойилик билан хизмат қилмоқда.
-Касбига меҳр қўйган киши ҳар бир дақиқанинг қадрига этиб, унумли меҳнат қилишга, самарали натижаларни қўлга киритишга, мазмунли ҳаёт кечиришга интилади,-дейди вилоят ИИБ Ташкилий бошқарма бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ёдгор Ниёзметов.-Катта лейтенант Бунёд Бобожоновнинг табиатида ҳам анашундай фазилатларни кўришимиз мумкин. У ўтган йиллар давомида ўзига хос тажрибага эга бўлган маҳоратли ходим сифатида шаклланди. Ёш ходимларимизнинг меҳрибон устозига, талабчан иш ўргатувчисига айланди. Шундай экан, бу камтарин йигитни жамоамиз фахри дейишга тўла ҳақлимиз.
Катта лейтенант Бунёд Бобожонов мана ўн тўрт йилдирки ички ишлар органларида сидқидилдан хизмат қилмоқда. Унинг қўлга киритган ютуқлари ҳамда фидойи хизмати вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан муносиб тарзда рағбатлантириб бориляпти.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда”мухбири.
Хоразм вилояти.
