Айни кунда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг 1-, 2- ўқув курси курсантлари Хоразм вилояти ҳудудида ўзларининг ўқув-танишув ҳамда иш ўрганиш амалиётини давом эттиришмоқда.

ИИВ Хоразм академик лицейида ИИВ Академияси кундузги таълим курсантлари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирни вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғи, полковник А.Имяминов очиб, мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган шароитлар ҳамда улардан самарали фойдаланишнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Хоразм вилояти бўйича бўлими бошлиғи, маёр Анварбек Ахмедов сўзга чиқиб, курсантларга иш ўрганиш амалиётидан унумли фойдаланиш, академияда олган назарий билимларини амалий кўникмалари билан мустаҳкамлаш, амалиёт даврида хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя этиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш юзасидан зарур тавсиялар берди.

– Курсантлар Тезкор қидирув, Тергов, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Эксперт-криминалистика, Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ҳамда йўл-ҳаракати хавфсизлиги хизмати йўналишлари бўйича иш ўрганиш амалиётини ўташяпти, – дейди вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари, маёр Шавкат Ибрагимов. – Уларга тажрибали ходимлар амалиёт раҳбари этиб бириктирилган. Курсантлар соҳавий хизматларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишиб, меъёрий ҳужжатлар асосида иш олиб бориш жараёнларини пухта ўрганишмоқда.

Тадбир сўнгида намунали хулқи билан тенгдошларига ўрнак бўлган курсантларнинг ота-оналарига ИИВ Академияси бошлиғининг ташаккурномалари топширилди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.

Хоразм вилояти.