Мадаминбек Аҳмадбек ўғлининг асл исми Муҳаммад Аминбек бўлиб, у 1892-йилда Марғилон атрофида – ҳозирги Тошлоқ тумани «Садда» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Сўкчилик қишлоғида ўртаҳол ҳунарманд оиласида таваллуд топган. Маърифатли оилада вояга етган Муҳаммад Аминбек исмига монанд тўғрисўзли, садоқатли, сермулоҳаза, имон-эътиқодда собит, диёнатли йигит бўлган.
Унинг умр дафтарининг илк варақларидаги битиклар Россия империяси томонидан босиб олинган ва оғир мустамлакачилик зулми остида яшаётган Туркистон халқлари тақдири билан бир хил эди. Бинобарин, Биринчи жаҳон уруши арафасида мустамлакачиларга қарши кўтарилган турли исёнлардаги фаол иштироки учун қамоққа олинади. 1914-йилда бўлиб ўтган суд унинг истибдод ва зулмга қарши курашини сохталаштириб, Сибирга 14 йилга сургун қилади. Бу унга оид тарихий ҳақиқатларни сохталаштиришнинг дебочаси эди.
Шуниси қизиқки, Россия империяси ўзига қарши қўзғолган Мадаминбекни ўзи қилмаган қилмишлар, яъни қотиллик ва ўғрилик жиноятларида айблаган бўлса, империяга барҳам берган 1917-йил Феврал инқилоби уни сиёсий маҳбус сифатида озод қилди. Бундан ҳам ажабланарлиси, қотил ва ўғри сифатида айбланган Мадаминбекни «Шўрои Уламо» жамиятининг раҳбарлари Марғилон шаҳар миршаббошиси лавозимига тавсия этишган бўлса, Туркистонда болшевиклар ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олгач, Фарғона вилояти ҳарбий комиссари К. Осипов уни Марғилон милисияси бошлиғи этиб тайинлайди ва тегишли қурол-яроғ билан таъминлайди.
Бироқ советларнинг субуциз сиёсати Мадаминбекни озодлик учун курашга отлантиради. 1918-йил март ойининг бошларида ўз милисионерлари билан биргаликда истиқлолчилар сафига ўтган Мадаминбекнинг қўл остида 1919-йил январида 16 000 кишидан иборат армия бўлган. Шу йил охирига бориб, уларнинг сони 25 000 дан ошган. У қурдирган ўрдада бутун Фарғона водийсидан келган ўн минглаб йигитлар қиличбозлик машқини, милтиқ, пулемёт ва замбараклардан отишни ўрганишган. Унинг қўшини сафида 90 нафар рус офицери бўлиб, улар ҳарб илмидан сабоқ берган. Мадаминбек штабида 40 нафардан ортиқ рус офицери, қўшини таркибида эса турк, озарбайжон ва афғон зобитлари ҳам бўлган.Шуниси эътиборлики, унинг қароргоҳида ўқ-дори ва снарядлар ишлаб чиқариладиган, милтиқлар ясаладиган, замбарак ва тўплар қуйиладиган қатор корхона ва заводлар бўлган. Бундай ҳарбий устахоналар Наманган атрофидаги Учтепа қалъаси, Чорвоқ қишлоғи ва Андижон уэздидаги Қўқонқишлоқда ҳам қурдирилган.
Бу жумлани ўқибоқ, хаёлингизда «Ўткан кунлар» воқеалари гавдаланган бўлса, ажаб эмас. Зеро, Мадаминбек ҳам, Қодирий қаҳрамони Отабек каби насл-насаби жиҳатидан қадимги беклардан бўлган. Бироқ бир пайтлар Қўқон хонлигида турли лавозимларда ишлаган ва мавқеи анча баланд бўлган Мадаминбекнинг ота-боболари ўртаҳол ҳунарманд даражасига тушиб қолган. Хусусан, ХХ аср бошларида Мадаминбекнинг отаси Аҳмадбекнинг Марғилонда катта дўкони бўлган. Онаси эса ўз даврининг оқила аёлларидан бири бўлиб, ўз ҳовлисида мактаб очган ва отинойи сифатида ёш қизларни ўқитган.
Ана шундай маърифатли инсонлар оиласида дунёга келган Мадаминбек Марғилондаги мактаб ва маҳаллий мадрасани тугатган. Таҳсилни Бухорои шарифда давом эттиришни дилига туккан йигитни тақдир миллий озодлик курашининг тўс-тўполонлари ичига ташлади. Бироқ исломий илмларни пухта эгаллаган Мадаминбек китоб мутолаасини канда қилмаган. Қаэрга бормасин, ёнида доим муқаддас Қуръони карим ва машҳур озарбайжон шоири Фузулий девонини ўзи билан олиб юрган.
Бундан ташқари, Туркистоннинг буюк истиқлол шоири Чўлпон шеърларини севиб ўқиган. У иштирок этган гурунгларда кўпинча суҳбат мавзуси шеъриятга бориб уланган. Мадаминбек ўз она тили – ўзбек тилидан ташқари, тожик, рус ва франсуз тилларини ҳам яхши билган.
1918-йил кузидан бошлаб Марғилон ва Андижонда зафарли юришларини амалга оширган Мадаминбек йил охирига келиб, Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатига умумий раҳбарлик қилади ва Наманган, Фарғона, Чустда советларга мардонавор қаршилик кўрсатади. Бироқ Катта Эргаш ва унинг таъсирида бўлган бошқа йирик қўрбошилар, хусусан, Холхўжа Эшон унга бўйсунишдан бош тортади. Натижада Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати иккига бўлиниб кетади.
1919-йил октабр ойининг сўнгги кунларида Андижон уэздидаги Ойимқишлоқда бўлиб ўтган истиқлолчилар ҳаракатининг учинчи қурултойида Мадаминбекнинг Олий бош қўмондон ва ҳукумат раҳбари этиб сайланиши дарз кетган муносабатларни янада чигаллаштиради. Айниқса, Мадаминбекнинг совет ҳокимиятига таслим бўлиши кечаги сафдошлари ва маслакдошларини ўзига ғоявий мухолиф ва ашаддий рақибга айлантиради.
Хуллас, 1920-йил 14-майда совет қўмондонлиги томонидан музокаралар ўтказиш учун қўрбошилар ҳузурига юборилган Мадаминбек Учқўрғон шаҳри яқинидаги Қоровул қишлоғида собиқ сафдошлари қўли билан хиёнаткорона ўлдирилган. Бор-йўғи 28 баҳорни кўрган Мадаминбекнинг қабри Олой воҳасидаги Шиғай қишлоғида жойлашган бўлиб, бу манзил ўзбек, қирғиз ва бошқа туркий халқларнинг зиёратгоҳига айланган.
Мадаминбек фожиали равишда ҳалок бўлганидан буён орадан бир асрдан мўлроқ вақт ўтди. Лекин ҳали-ҳамон у тириклигида ҳам, дорилбақога рихлат қилганидан кейин ҳам тўқилган қўшиқлар, шеърлар, латифаю ривоятлар халқ тилида ва дилида яшаб келяпти. Айниқса, жадид бобомиз Мунавварқори Абдурашидхонов назаридан ўтган ва сайқал топган «Фарғонажон» қўшиғи бутун Туркистон истиқлолчилари орасида жуда машҳур бўлган.
Навжувонлигида нобуд қилинган таниқли ҳарбий саркарда ва қўмондон бўлган Мадаминбекнинг порлоқ номи шўролар даврида «босмачи» сифатида ноҳақ қораланди ва унинг истиқлолчилик ҳаракати сохталаштирилди. Шукрки, юртимиз мустақил бўлгач, ҳақ қарор топиб, унинг номи оқланди.
1993-йилда ёзувчи ва журналист Алишер Ибодинов «Қўрбоши Мадаминбек» ҳужжатли қиссасини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиэв 1999-йилда «Мадаминбек» портретини яратди. 2011-йилда тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов «Мадаминбек» тарихий рисоласини, наманганлик ижодкор Бахтиёр Абдуғафур эса
2018-йилда «Қонли гуллар водийси: Мадаминбек» тарихий романини чоп этди. Бугунги кунда ҳам Мадаминбекнинг серқирра фаолияти тўғрисида нафақат Ўзбекистонда, балки Италия, Германия, Туркия, Саудия Арабистон ва бошқа қатор хориж давлатларида илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Темир ҚУРБОН.
