Косон туманидаги Гувалак қишлоғида яшовчи оддий деҳқон Норбўта ота ва Шодмон ая хонадонида дунёга келган тўнғич фарзандга яхши ният ила Хушвақт дея исм қўйишди. 

Ёш Хушвақтнинг ўқувчилик йиллари Иккинчи жаҳон урушига тўғри келди. Қийинчиликларга қарамай, ота-онаси унинг ўқишига жиддий эътибор қаратди. Тумандаги 35-мактабнинг 7-синфини тугатган Хушвақт жамоа хўжалигида ишлаш билан бирга, кечки мактабда таҳсил олиб, таянч маълумотга эга бўлди. 

Билим олишга, ўқишга бўлган иштиёқ 1952 йилда уни Тошкент юридик институтига етаклади. Шу йили имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, олийгоҳ талабаси бўлди. Институтни тугатгач, уни йўлланма билан ички ишлар органига ишга жўнатишди. 

Илк хизмат фаолиятини 1956-йилда Қарши шаҳар ИИБ тезкор вакили лавозимида бошлаган ёш ходим олий ўқув юртида олган билимини амалиётда қўллаб, тажриба ва малакасини оширди. Ўз ишига бўлган талабчанлик ва қизиқишни сезган раҳбарият Хушвақт Норбўтаевни 1957-йилда собиқ иттифоқ ИИВ Олий мактабининг Тбилиси филиалига ўқишга жўнатади. 

Ўқишдан билим ва малакасини ошириб қайтган Хушвақт Норбўтаев вилоят ИИБ ЖҚБ Давлат мулкини талон-торож қилишга қарши курашиш бўлими (ОБХСС) тезкор вакили лавозимида хизматни давом эттирди. Шу бўлимда катта тезкор вакил, вилоят ИИБ Тергов бўлими терговчиси, катта терговчиси каби масъулиятли вазифалардаги хизмат фаолияти ҳам самарали кечди. 

Ўтган асрнинг 60-йилларида вилоят марказида криминоген вазият оғирлашган, жиноятчилик кўпайган эди. Шуни ҳисобга олган раҳбарият 1960-йили тажрибали ходим Хушвақт Норбўтаевни Қарши шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили этиб тайинлайди. У 1969-йилга қадар катта тезкор вакил лавозимида айни шу бўлимда хизмат қилиб, кўплаб жиноятларни фош этишга катта ҳисса қўшди. Сўнгра кадрлар тақчиллиги боис Қарши шаҳар Иибда терговчи, катта терговчи, тергов бўлинмаси бошлиғи каби лавозимларда ишлаб, ёшларга касб сирларини ўргатишда жонбозлик кўрсатди. 

Касбий маҳорат ва тажрибада ҳамкасбларига ўрнак Хушвақт Норбўтаевга янада катта ишонч билдирилади – у вилоят ИИБ Тергов бўлими бошлиғи лавозимига тайинланади. Кейинчалик Қамаши тумани ҳамда Қарши шаҳар ички ишлар бўлимларида бошлиқ лавозимларида хизмат қилиб, криминоген вазиятни яхшилаш борасида ҳамкасбларига ибрат бўлди. 

Х. Норбўтаев 1975–1979-йилларда вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида самарали фаолият юритди. 1979-йили вилоят ИИБ бошлиғи этиб тайинлангач, мазкур лавозимда ишлаган даврда, яъни 1979–1984-йилларда қонунбузарликларга барҳам бериш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш борасида ижобий натижалар қўлга киритилди. Янада эътиборлиси, айни шу даврда Чироқчи, Китоб, Касби, Миришкор, Қарши туманлари ҳамда Қарши шаҳар Ииблари учун янги бинолар қурилди. Шахсий таркибни хизмат автомашиналари, алоқа воситалари билан таъминлаш ишларига шахсан ўзи ташаббускор ва бош-қош бўлди. 

– Хушвақт Норбўтаев вилоят Иибга раҳбар этиб тайинланганида мен бошқарма навбатчилик қисми бошлиғи лавозимида ишлардим, – дейди истеъфодаги подполковник Худоёр Ботиров. – Унинг жиноятларнинг олдини олиш ва содир этилганларини фош этиш борасидаги касбий билими, малакаси жуда кучли эди. Шу билан бирга, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, ёш ходимларга касб сирларини ўргатиш, касбга садоқат туйғусини шакллантиришда ўзига хос тажриба мактабини яратганди. 

1982-йил 3-ноябр куни Хушвақт Норбўтаевга «милисия генерал-маёри» махсус унвони берилади. Қолаверса, хизмат йиллари давомида ИИ, ИИИ даражали «Бенуқсон хизматлари учун» «Аъло хизматлари учун», «Ички ишлар вазирлигида хизмат кўрсатган ходим» кўкрак нишонлари билан тақдирланади. 

Собиқ иттифоқ прокуратурасининг 1983–1989-йилларда Ўзбекистонда тергов ўтказган терговчилари Т. Гдлян ва 

В. Иванов томонидан «Пахта иши», «Ўзбек иши» деб номланган уйдирмалар асосида олиб борилган қатағонлар, афсуски, генерал-маёр Хушвақт Норбўтаевни ҳам четлаб ўтмади. У собиқ иттифоқ ИИВ буйруғи билан 1984-йил 3-октабрда лавозимидан озод қилинди ва терговга тортилди. Кейинги йилнинг 9-август куни эса қамоққа олинди.

Собиқ иттифоқ Олий Суди ҳарбий коллегиясининг 1988-йил 30-декабрдаги ҳукми билан Хушвақт Норбўтанев «милисия генерал-маёри» махсус унвонидан маҳрум қилиниб, ўша пайтдаги Ички ишлар вазирига пора бериш айби қўйилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этиш, мол-мулкини давлат фойдасига мусодара қилиш, жазони кучайтирилган колонияда ўташ бўйича жиноий жавобгарликка тортилди.

– Отам қамоққа олинганида 11 ёшли бола эдим, – дейди унинг ўғли Дилшод Норбўтаев. – Ўша машъум кунлар кечагидек ёдимда: гдлянчилар бизга ҳам зуғум ўтказишди, онам ва отамнинг бошқа қариндошлари, яқинлари тазйиққа олинди. Улар ҳатто мени ҳам икки марта терговга чақириб, «Отангнинг яширган пуллари қани, тилла буюмлари қаэрда?» деб сўроқ қилишди. Энди, раҳматли падари бузрукворимга қилинган қийноқ ва зуғумларни, унинг Магаданда ўтган изтиробли, оғир йилларини тасаввур қилаверинг...

Х. Норбўтаев жазони Россиянинг Магадан шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида ўтаб, 1992-йил 8-июнда озодликка чиқади. 

Истиқлол шарофати туфайли адолат қарор топди. Ўзбекистон Олий Судининг 1994-йил 9-сентабрдаги ҳукми билан Хушвақт Норбўтаевга қўйилган айблов бекор қилиниб, оқланди.

Хушвақт Норбўтаев озодликка чиққандан сўнг, 1995-йилда «Адолат» адвокатлик бюросини очиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида самарали хизмат қилди. У адолацизлик билан асло муроса қила олмас, қолаверса, табиатан меҳрибон ва оқкўнгил инсон эди. Шу боис ҳам, ким унга бирор ёрдам сўраб мурожаат қилса, маслаҳатини, кўмагини аямасди. 

Минг таассуфки, қатағон зулми асоратлари, айниқса, Магадан изтироблари моҳир раҳбар, малакали ҳуқуқшунос Х. Норбўтаевнинг саломатлигига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Олган руҳий ва жисмоний тазйиқлар туфайли 2008-йилда оламдан ўтди. 

Хушвақт Норбўтаев турмуш ўртоғи Ҳикмат ая Баражабова билан икки фарзанд – бир ўғил, бир қизни тарбиялаб, комил инсонлар этиб вояга етказишди. Бутун умрини, бор куч ва салоҳиятини халқ осойишталигига бағишлаган фидойи инсоннинг хайрли ишларини бугун юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилаётган унинг фарзандлари, набиралари давом эттирмоқда. 

Содиқ РАҲИМОВ,

ўз мухбиримиз.

Қашқадарё вилояти.