Ҳар бир инсон ўз хиз­мат фаолиятида жамият, халқ, Ватанга наф келтиришни ният қилса, албатта, муваффақиятга эри­шади. Пастдарғом тумани Ички ишлар бўлими 1-сонли ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика катта инспектори, подполковник Аслиддин Султонов ҳам шундай эзгу ниятли ходимлардан ҳисобланади. 

Айни дамда «Илм» маҳалласида профилактика инспектори лавозимида хиз­мат қилаётган бу ходим шу йил 14-январ – Ватан ҳимоячилари куни муно­сабати билан Президентимиз фармонига мувофиқ «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. 

Маҳаллада 5668 нафар аҳоли 1158 та оилада исти­қомат қилади. Лавҳамиз қаҳрамони улар тинчлиги ва аҳиллигини таъминлашга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга масъулият билан ёндашади. Ҳар куни, ҳар соат одамлар орасида. Мавжуд масала ва муаммоларга қонуний ёндашиб, ечи­ми юзасидан ҳуқуқий маслаҳат беради, айримларини биргаликда ҳал қилади. Муқаддам судланган шахслар билан очиқ мулоқот қилиб, уларга оқилона иш тутишни, қилмишларини такрорламасликни тушунтиради. Ҳаёт тажрибасида кўрган, яхши тарафга ўзгариб кетган тақдирлардан ҳаётий мисоллар келтиради. Ҳар бир қарорни пухта ўйлаб қилишга чорлайди. Шу боис, маҳаллада турли сабаблар билан рўйхатда турувчи шахслар томонидан жиноят содир этилмади. 

– Маҳалламиз тинч, аҳолимиз хотиржам. Сабаби маҳалламиз профилактика катта инспектори, подполковник Аслиддин Султонов ўз ишига масъулиятли. Вазифаларини қатъий тартиб асосида бажаради. Одамларга ҳар бир янги қонун мазмун-моҳиятини, уларнинг эл-юрт манфаатига хизмат қилишини эринмай тушунтиради. Шундан бўлса керак аҳолимизнинг қонунларга ҳурмати, тинчлик ва ободончилик ишига дахлдорлиги анча ортган, – дейди маҳалла раиси Шавқиддин Аллаёров. 

У ёшлар, вояга етмаган болалар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор беради. Дарсга бормаган ёки кечаси кўчада дайдиб юрган болаларни кўрса, дарҳол ота-оналари билан гаплашади. Бу ҳаракатини такрорлаганларга нисбатан эса қонуний чоралар кўради. Шу боис, кўчада санғиб юрган ёки қўлида сигарети бор болани, ўсмирни учратмайсиз.

– Эл тинчлигини сақлаш бир кишининг иши эмас. Аҳоли ҳушёр бўлмаса – ўғирлик, қонунларни ҳурмат қилмаса – ўзаро низо ва жанжаллар кўпа­йиши аниқ. Шу боис, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, ҳар бир ножўя хатти-ҳаракатнинг сабаб ва оқибатини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратдим. Баъзан содир этилган 

жиноятларни очишда уйқусиз тунлар, ҳаловациз кунларим бўлган. Аммо бу қийинчиликлар мени чўчитмайди. Чунки, касбимни севаман. Бу менинг тақдиримга айланган, – дейди подполковник А.Султонов. – Очиғи бу мукофотда маҳалла аҳли­нинг ҳар бир фуқаросининг ҳиссаси, улуши бор. Аммо у маҳалланинг масъул вакили сифатида менга берилгани, эл орасидаги ҳурматимни, қадримни оширди. Балки, шаксиз, гумонсиз қилин­ган хизматнинг нафи ўзингга кўпроқдир, дегани шу бўлса керак. Албатта, бундан кейин ҳам бор куч ва ғайратим билан Ватанимга хизмат қиламан. Маҳаллам тинч­лиги учун қалқонман.

Беминнат хизматидан бахт топган инсон ҳақиқий саодат эгаси. Унинг хиз­матига берилган бу юксак мукофот эса эл тинчлиги йўлида қилган хизматла­рига эътироф ва муносиб рағбатдир. А.Султоновнинг турмуш ўртоғи Азизахон билан иноқликда тарбиялаб ўстираётган 2 қиз, 2 ўғил уларга келажак таянчи ва суянчидир. 


Умида МАМАДАЛИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Самарқанд вилояти.