Тошкент шаҳар ИИББ ИИББ Ахборот мулътимедиа марказининг хабар беришича жорий йилнинг пойтахт Ииббда 2021 йилнинг 11 ойи давомида вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама қилинди. ИИББ бошлиғи, генерал-маёр Азиз Тошпўлатов раислигида ўтган йиғилиш видеоселектор шаклида бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳрида мажбурий таълимни тартибга солиш, дарсларга бесабаб келмаётган ўқувчиларни аниқлаш мақсадида таълим муассасаларида ўтган давр мобайнида 2400 маротабадан ортиқ “Давомат” текширувлари ўтказилди. Унда 3277 нафар ўқувчи кечикиб келганлиги, 277 нафар ўқувчи мунтазам равишда дарсларга келмаётганлиги аниқланиб, кўрилган чоралар натижасида 131 нафар ўқувчи мажбурий таълимга қайтарилди.

Вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган оғир турдаги жиноятларни олдини олиш мақсадида ўтказилган “Тиғ” тадбирлари вақтида инсон саломатлигига жиддий зарар етказувчи жисмлар олиб юрган вояга етмаганларнинг ота-оналари қонуний тарзда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Туманлар кесимида ҳар бир аниқланган салбий ҳолатлар бирма-бир муҳокама қилинди. Қонунда белгиланган мажбуриятни бажармаган, мактабларда вояга етмаганлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўйган таълим муассасаси раҳбарларига ва инспектор-психологларга тегишли таъсир чоралари кўрилди.

Шу билан бир қаторда, юқори натижаларга эришган, ҳамкасблари ўртасида намунали хизмат олиб бораётган бир гуруҳ ходимлар ва таълим муассасаси раҳбарларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Йиғилиш сўнггида бу каби тадбирлар ҳар ой якуни бўйича туман миқёсида, чорак якуни бўйича эса шаҳар миқёсида ўтказилиши белгилаб олинди.

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.