Илк хизмат фаолиятини вилоят ИИБ ЖИЭБ 3-сонли тергов ҳибсхонасида назоратчи сифатида бошлаган Жаҳонгир Шарипов орадан тўрт йил ўтиб, вилоят ИИБ Экбда эксперт лавозимида хизматини давом эттирди. Ўзига нисбатан талабчанлиги ва изланувчанлиги туфайли қаҳрамонимиз эксперт-криминалистларнинг ишини пухта ўрганиб, тажрибасини бойитиб борди. Воқеа содир бўлган жойдан турли ашёвий далилларни олишда техника воситалари имконияти ва тажрибали ҳамкасблари маҳоратидан унумли фойдаланди.
Бундан ташқари, ўтган йиллар давомида ИИВ Академиясидаги малака ошириш курсларида, ИИВ Эксперт-криминалистика бош марказида, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказида таҳсил олиб, соҳага оид билим ва малакасини оширди. Бир неча йўналишда тадқиқотларни мустақил ўтказиш тўғрисидаги сертификат ва рухсатномага эга.
– Подполковник Жаҳонгир Шарипов тажрибали ходимлардан, – дейди вилоят ИИБ ЭКМ бошлиғи, подполковник Бобир Фатуллаев. – Жиноятни фош этишда синчковлик муҳим. Чунки атрофдагиларга оддий туюлган нарсалар ҳам кўпинча калаванинг учини топишга асос бўлади. Жаҳонгир ана шундай ўз соҳасининг устасига айланиб улгурган. Унга ёш ходимларимиз ҳавас билан қарайди, унинг тажрибаларини ўрганишга ҳаракат қилишади.
Лавҳамиз қаҳрамони «Энг яхши эксперт-криминалист» кўрик-танловининг республика босқичида учинчи ўрин соҳиби бўлган. Жаҳонгир Шариповнинг отаси, истеъфодаги маёр Насри Шарипов ҳам кўп йиллар вилоят Иибда турли лавозимларда хизмат қилган.
– Бу соҳага қизиқишимга болалигимда отамнинг хизмат фаолияти билан боғлиқ воқеаларни сўзлаб беришлари сабаб бўлган, – дейди подполковник Ж. Шарипов. – Отам «Малака меҳнат дегани, қанча кўп ўз устингда ишласанг, шунча чархланасан» дердилар. У кишининг изидан бориб кам бўлмадим, касбим билан фахрланаман. Хизматда озми-кўпми муваффақиятга эришган бўлсам, бунда доимо йўл-йўриқ кўрсатган, маслаҳат берган устозларим қаторида раҳматли отамнинг ҳам ҳиссаси катта.
Мирзоқул АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
