Ватан ҳимоясидек машаққатли ва шарафли касбни танлаган лавҳамиз қаҳрамони 2013-йилда Самарқанд олий ҳарбий автомобил қўмондонлик-муҳандислик билим юртини тамомлаб, Мудофаа вазирлигига қарашли Нукус шаҳридаги ҳарбий қисмда илк хизматни бошлади. Устози взвод командири, капитан Азамат Бекмирзаевдан касб сирларини ўрганди. Иқлим шароити ўзига хос бўлса-да, юрт ҳимоясини шараф деб билган офицер Ватаннинг қай ерида бўлса ҳам хизмат қилишни ўз бурчи деб билди. Тиришқоқлиги, ўз устида ишлаш, касбий билим ва юқори жанговар тайёргарлик хислатлари билан ҳамкасблари эътиборини қозонди.
Катта лейтенант Фаррух Нуруллаев учун айниқса, 2015–2016-йиллар хайрли кечди. Қуролли Кучлар тизимида ўтказилган «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловининг республика босқичида «Энг илғор гуруҳ командири» номинациясида кетма-кет фахрли 2-ўринни, 2018-йилда эса танловда фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Соҳанинг етук ходимига айланган катта лейтенант 2018-йил март ойидан бошлаб хизматни Ички ишлар вазирлиги тизимида давом эттириб келмоқда. Ҳозирда ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Портловчи моддалар ва портловчи моддаларни зарарсизлантириш Қашқадарё вилояти бўйича махсус отряд мутахассиси лавозимида хизмат қилмоқда. Маёр Фаррух Нуруллаевнинг вазифаси жуда мураккаб ва масъулиятли. У касбнинг сир-асрорларини пухта ўзлаштиришида бўлим бошлиғи, подполковник Абдуваҳоб Мўминовнинг хизматлари катта бўлди. Ўз устида ишлаб билим ва малакасини ошириб келмоқда.
Маёр Фаррух Нуруллаев турмуш ўртоғи Гўзал Усмонова билан уч нафар ўғилни тарбиялаб вояга етказмоқда.
Содиқ Раҳимов,
Ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.
