“25-октабр – Ички ишлар органлари ходимлари куни” байрами ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги байрами муносабати билан Самарқанд вилоятида тантанали байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда ўз ҳаётини эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини асрашдек эзгу ва олижаноб ишга бағишлаган мард ва садоқатли, ҳақиқий ватанпарвар юрт посбонлари шаънига самимий тилаклар билдирилди.

Шунингдек, ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган фидоий ходимларимизнинг хотираси чексиз эҳтиром ила ёд этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Шавкат Раҳмонов сўзга чиқиб, қутлуғ байрам билан барча ходимларни самимий муборакбод этди.  

Байрам муносабати билан муҳтарам Президентимиз фармонига кўра Самарқанд вилояти ички ишлар тизимида намунали хизмат қилаётган 1 нафар ходим “Жасорат” медали билан ва 2 нафар ходимлар “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирландилар.

Бундан ташқари, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан 1 нафар ходимга “подполковник” ва 1 нафар ходимга “маёр” махсус унвонлари рағбатлантириш тариқасида берилди, шунингдек 26 нафар ходимларимиз Ички ишлар вазирлигининг турли идоравий кўкрак нишони, фахрий ёрлиғи, эсдалик қўл соатлари ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.

Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармасининг буйруғи билан 2 133 нафар ходимлар ва 165 нафар эркин ёлланган ишчи хизматчилар пул мукофоти билан, 10 нафар ходимлар қўл соати билан мукофотланди.

Тадбир сўнгида мукофотланган бир қатор ходимлар сўзга чиқиб, уларга билдирилган улкан ишонч келгуси хизматларида янада масъулият ва шараф бағишлаши тўғрисида гапирдилар.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати.