Катта лейтенант Шуҳратжон Абдураззоқов Фарғона вилоятининг Бағдод тумани марказидаги энг гавжум жойлардан ҳисобланган «Муқимий» номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида профилактика инспектори лавозимида хизмат қилади. Қуйида унинг одатдаги иш кунларидан бири ҳақида ҳикоя қиламиз.
...Яна бир мунаввар тонг отди. Соат 8:00 га яқин катта лейтенант Шуҳратжон Абдураззоқов хизмат уйидан чиқиб, ўзи фаолият олиб борадиган маҳалла фуқаролар йиғини идорасига йўл олди. Маҳалла оқсоқоли Ҳошимжон Муллаев ҳам, фаоллар ҳам шу ерда экан. Улар ҳар куни бир хонага жам бўлиб, ўзаро маслаҳатлашиб, кун давомида бажариладиган ишларни келишиб олишади. Бугун ҳам шундай бўлди. Маҳалла раиси фуқаролардан тушган аризалар, ҳал қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида гапирди. Вазифалар ўзаро тақсимланди.
Шундан сўнг маҳалла раиси ва профилактика инспектори 17-умумтаълим мактабига йўл олди. Мазкур мактабда 1264 нафар ўқувчи таълим олади. Улар дастлаб давомат билан қизиқди. Мунтазам дарс қолдираётган ўқувчиларнинг исми-шарифини алоҳида дафтарга ёзиб олишди. Мақсад бунинг сабабларини ўрганиш эди.
Йўлда оқсоқол Шуҳратжонга ўтган ҳафтада эр-хотин ўзаро жанжаллашиб қолган оила ҳақида эслатди. Сўнгги пайтларда бир оз нотинчлик бўлаётган мазкур оиладан яна бир бор хабар олиш мақсадида инспектор машинасини улар яшайдиган кўчага бурди.
Хайрият, оила тинч экан. Олиб борилган тушунтириш ишлари ва насиҳатлар таъсир қилибди, чоғи, эр-хотин муросага келишибди. Маҳалла раиси ва профилактика инспектори уларга оила муқаддас эканини, ўртада фарзандлар борлигини яна бир бор эслатиб, кўнгиллари хотиржам тортиб, бошқа манзилга йўл олишди.
Бу манзилда пробация хизмати назоратида турувчи фуқаро Аъзамжон Раҳмонов истиқомат қилади. У билан ҳам суҳбатлашиб, ишлари қандай кетаётгани, оиласидаги шарт-шароит ҳақида суриштиришди. Аъзамжон ҳаммаси жойида эканини таъкидлагач, оқсоқол унинг ҳақига дуо қилиб, иккиси хонадонни тарк этди.
Шу паллада профилактика инспекторининг уяли телефонига қўнғироқ бўлди. Телефонни олса, маҳалладаги Навоий номли кўчанинг кўчабошиси алоқага чиққан экан. Ушбу кўчада 4-сектор ишчи гуруҳи кўмагида ариқларни тозалаш ва йўлни кенгайтириш ишлари олиб борилаётган эди. Аммо бир-иккита хонадон эгалари ариқ устига қуриб олган, қатновга халақит бераётган деворларини бузмайман, деб қайсарлик қилаётган экан. Натижада ўртада озгина тортишув юз берибди. Кўчабоши шу ҳақда хабар бериб, профилактика инспекторидан ёрдам сўради.
Катта лейтенант Шуҳратжон Абдураззоқов маҳалла раиси билан бирга дарҳол Навоий кўчасига етиб борди. Норозлик кайфиятидаги фуқаролар билан суҳбат ўтказишди. Амалга оширилаётган ишлар, халқ манфаатини кўзлаб қилинаётганини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида уларга тушунча берди. Ўзаро мулоқот бироз чўзилган бўлса-да, норози кайфиятдаги фуқароларнинг фикри ижобий томонга ўзгарди, улар ўз хатоларини тушуниб етишди. Ободонлаштириш ишлари эса яна давом этди.
Тушдан сўнг инспектор хизмат хонасига келиб, ариза ва шикоятлар билан шуғулланишга киришди. Кейин бир аризани ўрганиш учун фуқаро хонадонига йўл олди, ундан аризада баён қилинган вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида тушунтириш хати олди.
Маҳалла ҳудудини айланиб, бу ерда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар билан суҳбат ўтказди, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун видеокузатув мосламалари ўрнатиш бўйича тавсиялар берди. Айрим тижоратчилар ва бошқа фуқаролар билан гаплашиб, ўзларига тегишли мол-мулк ҳамда нарса-буюмларни асраш, ҳамиша ҳушёр бўлиш кераклигини тушунтирди.
Кечга яқин хизмат хонасига фуқаролардан бири маслаҳат сўраб келди. Инспектор фуқарони эринмай тинглади, унга юзага келган муаммоси юзасидан ҳуқуқий маслаҳат берди, қонунчиликдан келиб чиқиб, тўғри йўл кўрсатди.
Катта лейтенант Шуҳратжон Абдураззоқов хона деразасидаги пардани аста кўтариб, ташқарига боқса, аллақачон тун чўкибди. Шу паллада уяли телефони яна таниш куй чалди. Қараса, турмуш ўртоғи қўнғироқ қилаётган экан. Юрагида алланечук ҳаяжон билан яшил тугмани босди.
– Ассалому алайкум, дадаси, яхшимисиз? – деган таниш овоз келди.
– Раҳмат, яхши ўтирибсизларми, болалар яхшими?
– Ҳаммаси яхши, уйга қачон қайтасиз? Ош дамламоқчи бўлиб турибман. Набираларини соғиниб дадам билан ойим меҳмонга келишди. Сизни кутяпмиз.
– Жуда яхши бўпти-да, – деди қаҳрамонимиз юзига қувонч югуриб. – Тез орада етиб бораман, ошни дамлайверинг.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
