Хизмат фаолияти давомида вилоят ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келди. Айниқса, бошқарманинг Меҳрибонлик уйлари билан ҳамкорлик гуруҳи катта офицери лавозимида ишлаган пайти бир савоб ишга қўл урди. – Меҳрибонлик уйларига Миллий гвардия масъул этиб бириктирилгач, Бухоро шаҳридаги 32-сонли меҳрибонлик уйи болалари билан кўпроқ шуғуллана бошладим. Ўша пайтда меҳрибонлик уйида 82 нафар бола тарбияланаётган эди. Болаларнинг ота-онаси ва яқинлари билан жиддий иш олиб борилгач, уларнинг сони ўттизтага камайди. Шундан сўнг вилоятимизда оилавий болалар уйини ташкил этиш режалаштирилди, – дейди Муроджон Раҳматуллоев. – Ўшанда 26 ёшда эдим. Оилавий болалар уйи очиш учун ёшим етмасакан. Ўйланиб ўтирмасдан, отам билан маслаҳатлашдим. У киши мени қўллаб-қувватлади, оилавий болалар уйини ташкил этдик ва 7 нафар болани қарамоғимизга олдик. Аммо кўп ўтмай, икки нафар болани яқинлари олиб кетишди. Бугунги кунда болаларнинг 

2 нафари 3-синфга ўтган, қолган­лари эса боғчага боради. 

Ҳаёт ҳар бир инсонни синовлар орқали тарбиялайди. Муроджон Раҳматуллоев ўзи учун жуда азиз инсон, таянчи ва маънавий устози бўлган отасини бахциз ҳодиса туфайли абадий йўқотгач, ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашни ўрганди. Меҳр ва эътиборга муҳтож болалар учун оталик машаққатини ўз зиммасига олди.

Муроджон ҳар бир боланинг ҳаётда муносиб ўрин топиши, билимли ва инсонпарвар бўлиб камол топиши учун бор кучини сарфламоқда. Унинг оиласида ҳукм сураётган муҳит – меҳр, бағрикенглик ва инсонпарварлик тимсоли бўлиб, «ота» сўзининг чин маъносини ўз ҳаётида намоён этмоқда. Унга онаси – Ҳамида опа ва турмуш ўртоғи Эъзоза Ибодовалар қўлқанот бўлишмоқда. Айниқса, Эъзозахон қарамоғидаги болаларни ўз фарзандлари Паричеҳра ва Ифора каби бир хил меҳр билан тарбияламоқда.

Илм-фанда ҳам фаол изланувчи мутахассис сифатида танилган М. Рахматуллоев 2023–2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси магистратурасининг «Тергов фаолияти» йўналишини муваффақиятли тамомлаб, «Мустақиллик йилларида Бухоро вилоятидаги оммавий ахборот воситалари тарихи» мавзусида илмий тадқиқот олиб борди. Айни пайтда илмий ишини ҳимоя қилиш арафасида турибди. 

Бугунги кунгача йигирмадан ортиқ халқаро ва илмий журналларда мақоласи, иккита ўқув-услубий қўлланмаси чоп этилган. Ёшларнинг севимли устози бўлган лавҳамиз қаҳрамонига Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси томонидан доцент илмий унвони берилган.

Капитан Муроджон Раҳматуллоев 2022-йил «Энг улуғ – энг азиз» фотодизайн кўрик-танловининг ғолиби ҳамдир. Бундан ташқари, кўплаб вилоят танловларида фахрли ўринларни эгаллаган. Хусусан, 2025-йил июн ойида Cоурсера таълим платформасидаги «Гоогле ИТ Суппорт Профессионал Cертифиcате» курсини муваффақиятли якунлаб, халқаро даражадаги ИТ сертификатига эга бўлди. 

Қисқаси, фидойи хизмат, илмий изланиш, замонавий билимлар ва инсоний фазилатлар уйғунлашган инсонлар орасида капитан Муроджон Раҳматуллоев алоҳида ўрин тутади. У каби сидқидил инсонлар бор экан, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва келажак авлоднинг маънавий етуклиги кафолатланади. Унинг ҳаёти – бу фақат иш китобчаси учун эмас, балки ҳар бир ёш мутахассис учун ибрат намунасидир.


Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.