Босиб ўтган йўлинг равон бўлса, кўнглинг хотиржам бўлади. Энг асосийси, одамлар кўзига тик қарай оласан. Қилган яхши амалларингдан фахр туясан. Бу фикрлар мақоламиз қаҳрамони, узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали хизмат қилган истеъфодаги полковник Алишер Жўраэвга ҳам тегишлидир.
ТАҚДИРНИНГ БИТИГИ
Истеъфодаги полковник Алишер Жўраев 1956-йил Фарғона вилоятида туғилган. 1973-йили ўрта мактабни тамомлаб, Россиянинг Новокузнеск шаҳридаги Сибир металлургия институтига ўқишга кирган. Таҳсил олиб юрган кезлари, ички ишлар органлари талабаларни жиноятчиликка қарши кураш бўйича тадбирларга жалб қиларди. Талабалар орасида алоҳида ажралиб турган А. Жўраевга аслида ўшанда тақдирнинг ўзи ички ишлар органлари ходими бўлишини белгилаб қўйгандек эди. Забардаст, эпчил, зуваласи пишиқ ёш йигитнинг ғайрату шижоатини кўрган раҳбарият уни ишга таклиф этади. Шундай қилиб, у фаолиятини Ҳарбий ўт ўчириш қисмидан бошлайди. Бироз муддат ўтгач, милисионер бўлиб ишлайди.
Ҳалол, интизомли, масъулиятли, ташаббускор ходим сифатида тезда раҳбарият тилига тушган
А. Жўраев Новокузнеск шаҳри ИИБ Коррупсияга қарши кураш хизматида фаолиятини давом эттиради. Ишдан ажралмаган ҳолда махсус милисия мактабида таҳсил олади. Турли вазифаларда ишлаб, тажриба орттиради.
1981-йили Ўзбекистон Республикаси ИИВ хизматига чақиртирилади. Пойтахтда ишни Коррупсияга қарши курашиш хизматидан
бошлайди.
Кўп йиллар Наркотикка қарши курашиш хизматида бўлим бошлиғи, бошлиқ ўринбосари ва бошлиқ лавозимларида ҳам анча йиллар самарали меҳнат қилган. Марказий Осиёда Бмтнинг Наркотик ва бошқа жиноятларга қарши курашиш маркази, шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази ҳамда Олий Мажлис ҳузурида Наркотикка қарши курашиш миллий маркази очилишида алоҳида ҳисса қўшган.
Юрт осойишталиги йўлидаги хизматлари вазирлик ва ҳукуматимиз томонидан бир неча бор эътироф этилган. Хусусан, 1996-йили «Жасорат» медали билан тақдирланган. Худди шу йили полковник унвонига эга бўлган. Ўшанда у эндигина навқирон 40 ёшда бўлган.
А. Жўраэв ходимларнинг билим ва касбий маҳоратини ошириш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишга, етарлича хизмат шароитларини яратишга алоҳида эътибор берган. Уларнинг Венгрия, Америка, Туркия каби давлатларда ўқиб, малака оширишини таъминлаган. Кўплаб шогирдлари бугунги кунда юқори давлат идораларида, ИИВ тизимида хизмат вазифасини бажариб келмоқда. Хусусан, Улуғбек Турсунов, Шуҳрат Сотволдиэв, Мурод Носиров унинг энг шижоатли шогирдларидан. Бир қатор шогирдлари Россия Ички ишлар вазирлиги тизимида, Самара вилоятида, Кировда, қўшни республикаларда, хорижда хизмат қилмоқда.
ПУЛИ БОР БОЛАНИ БУЗИШГА УРИНИШАДИ
Истеъфодаги полковник Алишер Жўраев бугунги кунда ҳам, айниқса, ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари истеъмол қилиш ҳолатлари ортиб бораётганини куюнчаклик билан гапиради. Ёшлар тарбиясида «мактаб – маҳалла – оила» ҳамкорлиги, жипслиги ниҳоятда муҳимлигини таъкидлайди. Айниқса, ота-оналар фарзандининг дўсти ким, қўл телефонидаги суҳбатдошлари ким, қизиқишлари қанақа, бўш вақтларини қандай ўтказяпти... Шуларни назоратга олиш, моддий жиҳатдан болани ортиқча эркалатмаслик лозим, дейди. Чунки пул болани бузади. Янаям тўғрироғи, пули бор болани бузишга уринишади.
БАХТИЁР ОИЛА
Алишер ака энг буюк саодат — оила бахти, деб ҳисоблайди. Унинг уч нафар қиз фарзанди бор: каттаси Азиза, Тошкент фармасевтика институда ўқитувчи. Кейингиси Феруза, Судялар олий мактаби битирувчиси. Асли Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган, Давлат солиқ қўмитасида ишлайди. Кенжаси Зиёда Тошкент тиббиёт академиясини тамомлаган, «АКФА Медлине» клиникасида шифокор бўлиб ишлайди. Турмуш ўртоғи Минаввара опа эса кўп йиллар республика моделлар уйида хизмат қилган. «Аллоҳга шукр, онасининг саъй-ҳаракати, тарбияси туфайли қизларимиздан кўнглим тўқ. Барчаси учун турмуш ўртоғимдан миннатдорман», дейди лавҳамиз қаҳрамони.
БУГУНГИ КУНДА...
Истеъфодаги полковник Алишер Жўраэв пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани Зафаробод маҳалласида яшайди. Уни каттаю кичик ҳамма танийди. Кези келганда, бирон масала юзасидан йўл-йўриқ, маслаҳат олишади. Маҳалла идорасидан оқсоқол, профилактика инспектори ҳам бот-бот сўраб туришади. Қаҳрамонимиз ҳали ҳамон одамлар орасида, уларнинг оғирини енгил қилишга, қўлидан келган ёрдамини беришга ҳаракат қилади.
Ўзининг ҳам бўш ўтиришга тоқати йўқ, бизнес билан шуғулланади, ўзининг логистика хизматини йўлга қўйган. Биз ҳам қаҳрамонимизга мустаҳкам соғлиқ, ишларига эса барокат ва куч-қувват тилаймиз.
Адолат ФАЙЗИЕВА,
ўз мухбиримиз.