Наврўз – умумхалқ байрами нишонланаётган кунлари Андижон вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати масъуллари Булоқбоши тумани «Ширмонбулоқ» Мфйдаги 32-хонадонга ташриф буюриб, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан таъсис этилган «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланган 82 ёшли Дилбархон Жалоловага мукофотни оила даврасида топширишди.

Онахоннинг қувончдан кўзлари порлади. Бу мукофот узоқ йиллик ҳалол хизматлари, қолаверса, фарзандининг қаҳрамонлиги ортидан муносиб кўрилганлиги уни ғурурлантирди. Ўғли Ҳалимжоннинг ёрқин хотираси касбдошлари қалбида мудом сақланаётганидан кўнгли тоғдек кўтарилди.

Шу куни кечга қадар Дилбархон аяни йўқловчилар тинмади. Барча уни матонатли аёл, қаҳрамон фарзанднинг онаси сифатида қутлади. Бу тақдирловдан сўнг қалбини минг бир ҳислар чулғаб олди. Ўтган ҳаёт йўлларини, топган ва йўқотганларини ёдга олди. Кенжатойи, нуридийдаси Ҳалимжоннинг ҳаққига дуо қилди. 

Агар ҳозир Ҳалимжон Жалолов ҳаёт бўлганида, 49 баҳорни қаршиларди. Афсуски, ғараз ниятли ёвуз кимсалар уни яшамоқ бахтидан барвақт жудо этди. У 2005-йилнинг 13-май куни ўз хизмат вазифасини бажараётган вақтда, тиш-тирноғигача қуролланган душманнинг ўқидан ҳалок бўлди. Ўлимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан, «Жасорат» медали билан мукофотланган.

Ҳалимжон билим юртида машинист-технолог йўналиши бўйича таҳсил олгач, ҳарбий хизматга йўл олди. Сўнгра посбон лавозимида фаолият юритиб, 2000-йил Андижон шаҳар Иибга қарашли Қўриқлаш бўлимида иш бошлади.

Оиладаги етти фарзанднинг кенжаси бўлган Ҳалимжонни феъл-атвори кўпроқ онасига ўхшарди. 

– Болам меҳнаткаш, очиқкўнгил эди. Орзулари кўп эди. Ватан учун жонини аямаганидан ғурурланиб юраман, – дея фарзандини хотирлади Дилбархон ая. 

Оғир жудоликка сабр ила дош берган, уни ҳаётнинг бир синови дея қабул қилган бу меҳридарё онахон ҳақида кўпчиликдан жуда илиқ фикрларни эшитдик. Уни таниган инсон борки, аянинг одамохунлиги, ширинсўзлиги, меҳнаткашлиги, тиниб-тинчимаслигини айтиб алқади. 

Дилбархон ая узоқ йиллар фармасевтика соҳасида фаолият юритган. Пенсияга чиққач, маҳалла фуқаролар йиғинида маслаҳатчи бўлиб ишлади. 

80 ёшига қадар эл-юрт, маҳалла-кўй тинчлиги, ободлиги йўлида тиним билмади. Тумандаги ҳеч қайси тадбир Дилбар аясиз ўтмаган. Кўп масалаларда унинг маслаҳатига қулоқ тутишарди. Инсулът туфайли ҳаракати чекланиб қолганидан буён жамоат ишларида қатнаша олмаяпти. Аммо ҳаётининг ёрқин саҳифалари ёшларга тарбия бериш, жамият учун фаол хизмат қилиш каби эзгу амаллар билан безак топди. 

– Укам гулларни роса яхши кўрарди. Доим гул кўтариб келарди, — дея хотирлайди опаси Меҳринса Қувватова. – Биз турмушга чиқиб кетганимиздан кейин ҳам ҳар байрамда уйимизга совға кўтариб бориб, йўқлашни сира канда қилмаган. Ўзгача меҳрли эди укажоним. «Ҳовлимизнинг ҳамма жойини гулзорга айлантираман» дерди. Кўнгли ҳам гул каби хушбўй бўлган жигаримнинг. 

Ширмонбулоқ қишлоғида намунали оила сифатида эътироф этилувчи бу хонадон 

аъзоларининг деярли барчаси ибратга лойиқ. Раҳматли Сотволди тоға ва Дилбархон ая етти фарзандининг ҳаммасини ўқитди, ҳунарга йўналтирди. Ҳалимжоннинг ёлғиз ўғли Муҳаммадхалил Андижон давлат университети тарих факулътети битирувчиси. Мақсади – ота изидан бориб, жамиятга ҳалол хизмат қилиш. Ҳалимжон билан нафақат яқинлари, балки бутун қишлоқ фахрланади. У таълим олган Булоқбоши туманидаги 45-мактабда қаҳрамон хотирасига «Жасорат бурчаги» ташкил этилган. Майдонга ўрнатилган ёдгорлик ёшларда ватанпарварлик, ўтган кунлардан сабоқ олиш туйғуларини шакллантиради. Ўқитувчи ва ўқувчилар мактаб директори Иродахон Абдуллаэва етакчилигида ҳар бир байрам ва тадбирларда марҳумнинг хонадонига келиб, уни хотирлайди, яқинларининг ҳолидан хабар олади. Ҳа, биз ўз қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмайдиган миллатмиз. 

Нигора МИРОЛИМ қизи,

ўз мухбиримиз. 

Андижон вилояти.