Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига қарашли мазкур билим масканида педагог мураббийлар ҳамда ўқувчи ёшлар учун барча зарур шароитлар яратилган. Замонавий ўқув хоналари, спорт майдончалари, ётоқхона ва овқатланиш хоналари улар хизматида. Бундан оқилона фойдаланган ҳолда, ўқувчи ёшлар нафақат таълим, балки санъат ва спорт соҳаларида ҳам катта ютуқларга эришмоқдалар. Улар фан олимпиадаларида, мусиқа фестиваллари ҳамда туман, шаҳар, республика ва ҳатто халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида билим ва маҳоратларини намойиш этиб, ғолиб бўлишмоқда. 

Жумладан, ўтган йили 3-декабр – Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Арманистоннинг Ереван шаҳрида ўтказилган «Сидето сиде» мусиқа фестивалида Россия, Қозоғистон, Грузия, 

Молдова, Ўзбекистон ва Қир­ғиз Республикасидан имконияти чекланган ўқувчи ёшлар қатнашди. Мактаб-интернатнинг 10-синф ўқувчиси Зуҳра Шавкатжонова мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. У вокал йўналишидаги қўшиғи билан иштирок этиб, диплом билан тақдирланди. 

2025-йилнинг 7–14-декабр кунлари Дубайда бўлиб ўтган В Ёшлар Параосиё ўйинларида ҳам фахрли ўринларнинг эгаллангани қувонарли. Аниқроғи, мазкур нуфузли халқаро мусобақада мактаб-интернатнинг 8-синф ўқувчиси Дилнура Маматқулова параенгил атлетика спорт тури бўйича муваффақиятли иштирок этди. Маҳоратли спортчи қиз 1500 метрга югуриш беллашувида биринчи, 400 метрга югуриш ва узунликка сакраш бўйича иккинчи, 200 метрга югуришда эса учинчи ўринни қўлга киритди. Дилнура каби ёш спортчиларнинг муваффақиятли чиқишлари туфайли Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада катта натижаларга эришди.


Феруз ЙЎЛДОШОВ,

ўз мухбиримиз