Бухоро вилоятида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятдаги фаоллигини ошириш мақсадида “Мен кучли аёлман” махсус профилактик ойлиги ўтказилмоқда. Ушбу ойлик доирасида вилоят бўйлаб муайян даромад манбаига эга бўлмаган, ишсиз ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган ҳаётий муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида бир қатор манзилли тадбирлар олиб борилмоқда.
Яқинда Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирокида махсус семинар-тренинг ташкил этилди. Очиқ мулоқот давомида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва турли ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, оила институтини янада мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, халқимизга хос бўлган умуминсоний ва миллий қадриятларни кенг тарғиб этиш орқали оилаларда соғлом маънавий ва руҳий муҳитни қарор топтириш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Учрашув якунида ўз келажагини мустақил қуриш ва муайян касб-ҳунар ўрганиш истагини билдирган 6 нафар хотин-қизларимиз мономарказга махсус ўқув курсларига рўйхатга олинди. Эндиликда улар ушбу даргоҳда касблар сирларини ўрганиб, келгусида ўзларининг доимий даромад манбаига эга бўлиш имкониятини қўлга киритди.
Холида ТОЙИРОВА,
маёр.
Бухоро вилояти.
