Хива тумани ИИБ ҳамда Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида “Бўш иш ўринлар меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди. Унга бугунги кунда туман ИИБ Пробация гуруҳи назорати остида турган, жазони ижро этиш муассасалари ҳамда Ёшлар Иттифоқи кафиллиги асосида суд залидан озод қилинган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан, авф этилган ёшлар таклиф этилди.
Тадбирда пробация назорати остида бўлган ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, уларни қийнаётган масалаларни синчковлик билан ўрганиш ва амалий ёрдам бериш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш ҳамда такроран жиноятлар содир этилишининг барвақт олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари масъул вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда ёшларнинг муаммолари, ҳохиш ва истаклари мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиб, тегишли тавсиялар, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, ушбу ярмаркада ёшлар ўзларининг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда иш берувчилар билан ўзаро меҳнат шартномаларини ҳам имзолашди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
