Ҳалол меҳнат қилиб пул топишга бўйни ёр бермаган бухоролик А.Салим (воқеа иштирокчиларининг исм-шарифи ўзгартирилди) тиланчилик билан шуғулланишга қарор қилди. Бухорода иши юришмагач, одамлар гавжум шаҳарлардан бири – Хивага келди. Қарангки, бу ерда тез иши юришиб кетди. Бир неча кун ичида мўмайгина даромадга эга бўлди. Аммо борига қаноат қилмай, янада кўпроқ пул топиш йўлларини излай бошлади.
Кун бўйи тиланчилик қилиб юргандан кўра, бирор жойни «тозалаб», катта даромадга эга бўлишни афзал кўрди. Шу ниятда Хива туманидаги Отажон Тўра маҳалласида жойлашган фуқаро Абдулла Бобожоновга тегишли озиқ-овқат дўконини кўз остига олди.
Салим тунги соат тахминан тўртларда дўкон яқинига келиб, ён-атрофни кузатди. Ҳамма ёқ тинч, одамлар ширин уйқуда. Атрофда ҳеч ким кўринмайди. Фурсатдан фойдаланган йигит бир зумда дўкон эшигини бузиб ичкарига кирди ва у ердан 700 АҚШ доллари ҳамда
4 миллион 300 минг сўм пулни олиб, жуфтакни ростлади. Режаси осонгина амалга ошганидан хурсанд бўлган тунги талончи эрта тонгда Бухорога, уйига қайтди.
Ўғриликдан хабар топган дўкон эгаси дарҳол туман Ички ишлар бўлимига хабар берди. Ҳодиса жойига етиб келган тергов-тезкор гуруҳи ходимлари жиноят тафсилотини синчковлик билан ўргана бошлашди. Дўкон ва ён атрофдаги кузатув камералари кўздан кечирилди. Аммо ўғрининг юзини таниб олиш ва шахсига ойдинлик киритишнинг имкони бўлмади. Экспертлар – маёр Ҳурмат Хўжаев ва лейтенант Гулёр Комилова эшик ва дераза ромларидан тортиб киши эътиборини тортмайдиган майда буюмларгача кўздан кечиришди. Натижада 13 та яроқли қўл-бармоқ изи аниқланиб, вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика марказига тақдим этилди. Ўрганишлар натижасида ушбу излар А.Салимга тегишли бўлиб чиқди. Зудлик билан гумондорни излаб топиш чоралари кўрилди.
Дастлабки сўроқ пайти у сувдан қуруқ чиқишга роса ҳаракат қилди. Аммо инкор этиб бўлмас далиллар Салимни шошилтириб қўйди ва у қилмишини тан олди.
– Мени шайтон йўлдан урди, – дейди А.Салим суддаги кўрсатмасида. – Тиланчилик билан шуғулланиб юрган кишидан ҳеч ким шубҳаланмаса керак, деб ўйлагандим. Янглишган эканман. Эртаси куниёқ қўлга тушдим. Бу ишимдан жуда афсусдаман.
Хуллас, жиноят жазосиз қолмаганидек, Салим ҳам қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
