Бугун миллий адиб, миллатнинг жонкуяр ижодкори Абдулла Қодирийнинг таваллуд куни. Абдулла Қодирий (Жулқунбой) 1894-йил Тошкентда туғилган. Адиб ўзининг илк нашр этилган асарларида – “Хотинбоз” (1915) ва “Бахциз куёв” (1915) ҳикояларида эски ўзбек турмушининг чизгилари ҳажвиёна ифодаланган. 1915-1917-йиллар Қодирий Абдул Қосим мадрасасида араб ва форс тилларини астойдил ўрганади.
1924-1925-йилларда В. Й. Брюсов номидаги Москва адабий курсларида ўқийди, сўнгра, 1925-1926-йиллар Тошкентда, “Муштум” ўзбек ҳажвий журналида ишлайди. Қодирийнинг роман ва қиссалари (“Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”), шунингдек, жамоавий ижоди (“Обид Кетмон” қиссаси) ХИХ аср тошкентлик ва қўқонлик ўзбеклар ҳаётига бағишланган. “Ўтган кунлар” романи катта шуҳрат қозонган. Барча зиёлилар ушбу китобни ўқишга интилган. Ва ҳатто, саводсиз кишилар уни тинглаш учун гуруҳ бўлиб тўпланишган. Кўплаб ўзбек оилаларида романнинг Отабек ва Кумуш қаҳрамонларининг исмлари пайдо бўла бошлаган.
У 1937-йилнинг 31-декабрида “халқ душмани” сифатида ҳибсга олинади. Бунга ҳасадгўй “қаламкаш ҳамкасблари” қўл урган. 1938-йилнинг 4-октабр куни ёзувчи отиб ташланган, ўлимидан сўнг оқланган. Тошкентдаги Хўжа Аламбардор (Камолон) қабристонига дафн этилган.
Адибнинг тўнғич фарзанди Ҳабибулла Қодирийнинг хотирлашига кўра, у отасидан “Қайси ой-кунда туғилгансиз?” деб сўраганида, отаси кулиб, “Ўрик гулида туғилганман. Тахминан 10-апрелда бўлса керак”, деган экан. Ана шу икки маълумот асосида ўзбек халқи, Абдулла Қодирий ижоди мухлислари ҳар йили 10-апрелда адибнинг рамзий сағанасини зиёрат этиб, унинг хотирасини эъзозлаб келади.
