Яқинда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида Ички ишлар вазирлиги қўшинларини тайёрлаш кафедрасининг ташаббуси билан “Қўриқланаётган объэктларни техник жиҳатдан таъминлашдаги долзарб муаммолар ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Унда ИИВ Ҳарбий тузилмаларнинг фаолиятини таъминлаш базаси, Қоровул ва Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш ҳамда Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объэктларни қўриқлаш қўшинлари, ИИВ Академияси, Жамоат хавфсизлиги университетининг малакали мутахассислари, Қуролли Кучлар Академияси тингловчи ва курсантлари иштирок этишди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам давлат аҳамиятига молик, стратегик тоифаланган ва тартиботли объэктларни ишончли қўриқлашни ташкил этишда техник қўриқлаш воситаларининг ўрни, шу билан биргаликда, мазкур йўналишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида фикр юритиш, шунингдек, қўшинларнинг бой тажрибага эга мутахассисларининг фаолиятини ўрганиш ҳамда анжуман материалларидан бўлажак офицерларни ўқитиш ва тарбиялаш жараёнида кенг фойдаланиш мақсад қилиб олинди.
Анжуманда сўзга чиққан Қуролли Кучлар Академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник М. Хонсаидов, ИИВ қўшинларини тайёрлаш кафедраси бошлиғи, подполковник О. Тўрахўжаев ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети катта ўқитувчиси, подполковник Н. Мастонов ва бошқалар объэктларни қўриқлашни ташкиллаштириш ва амалга оширишда бўлғуси кадрларнинг жанговар тайёргарлиги, ҳарбий маҳорати ҳамда уларнинг ватанпарварлик фазилатларини кучайтиришга янада кўпроқ аҳамият қаратиш замон талаби эканлигини таъкидлашди.
Қизғин ва мунозараларга бой тарзда ўтган давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан илгари сурилган таклифлар муҳокама қилиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Жасур РАҲМАТОВ,
подполковник.
