Тошкентда яшовчи С.М. жарқўрғонлик тадбиркор К.Х.дан қиймати 400 миллион сўмлик маҳсулот харид қилади. Келишув бошида маҳсулотлар учун 100 миллион сўм пулни шу ернинг ўзида беради, қолган 300 мил­лион сўмини бироз муддатдан кейин беришини айтади. Тадбиркор бунга рози бўлади. Аммо С.М. маҳсулотларни олиб кетгач, қолган пулни бермаслик учун минг бир баҳоналарни тўқий бошлайди. Орадан анча вақт ўтгач, К.Х. ички ишлар органига мурожаат қилади. 

Тергов ишини олиб борган Темурмалик Бўриев усталик билан далил тўплашга киришади. Чунки олувдор қилмишидан бўйин товлашга тушади. Телефондаги сўзлашувлар, келишув вақтидаги гувоҳларнинг кўрсатмалари, зарур ҳужжатларни тўплагач, фуқаро С.М. ноилож қилмишини тан олади ва жабрланувчига пулларни тўлаб беради. 

Катта лейтенант Т.Бўриев томонидан фош этилган шу каби фирибгарлик, ўғирлик, шахсга тан жароҳати етказиш каби жиноий ишларга қўл урган кимсалар қонун олдида жавоб беришди. Айниқса, шу йилнинг январ ойида содир бўлган ўғирлик ортидан 7 та ўғрилик ҳолатига аниқлик киритилиб, жиноятчилар қонун ихтиёрига топширилди. 

– ИИВ Академиясини тамомлагач, фаолиятимни Қизириқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳида суриштирувчиликдан бошладим, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Бугунга қадар иш фаолиятим давомида турли ҳолатларга дуч келдим, турли жиноий ишларнинг тергов жараёнларида қатнашдим. Баъзан ишнинг машаққатли жиҳатларига сабр қилишга тўғри келди. Аммо, муҳими ҳаракатдан тўхтамаслик, ўз устида ишлаш ва доимий изланиш лозимлигини тушуниб етдим. 

Темурмалик Бўриев оилали, бир нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи Муқаддас Норқулова тиббиёт йўналишида таҳсил олмоқда. У ҳам турмуш ўртоғининг масъулиятли вазифада ишлашини яхши тушун­ган ҳолда, доим қўллаб-қувватлайди. Чунки оиласида ҳаловат топмаган киши ишида кўнгли тўлиб меҳнат қилолмайди. 

Катта лейтенант Т.Бўриев жамоат тадбирларида ҳам фаол. «Энг яхши терговчи» кўрик-танловида, «Заковат» интеллектуал ўйинларида ёш билимдон ходим сифатида қатнашиб келмоқда. Келгусида эса ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб, илмий фаолият билан шуғулланиш нияти бор. 

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.