Пўлат БОБОЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири,

генерал-лейтенант

Президентимиз Шавкат Мирзиёэвнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида фуқароларимиз учун муносиб шароитларни яратиш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқаро майдондаги нуфузини оширишга доир долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Коронавирус пандемияси туфайли инсоният учун синовли келган 2020 йилда давлатимиз раҳбари бошчилигида эришган ютуқларимиз барчамизга зўр қувонч, мустаҳкам ишонч бағишламоқда. 2021 йил мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилинди. Бугун шу йил бошида турибмиз. Мақсадларимиз улкан, зиммамизда вазифалар кўп. Масъулият, фидойилик билан ёндашсак, албатта, барчасини уддалаймиз.

Бу йил давлат органларининг бошқарув идора раҳбарлари ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштириб, йўлга қўяди. Бунинг учун жамиятимизнинг энг қуйи тизими – маҳаллаларда иш ташкил этилади. Асосий эътибор ижтимоий-маиший муаммолари мавжуд оилалар билан манзилли ишлаш, ёш авлодни чинакам ватанпарвар этиб, қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, аҳоли орасида жисмоний тарбия ва соғлом овқатланишни оммалаштириш масалаларига қаратилади.

Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида таъкидлаб ўтганидек, бугунги кунда жойларда ечимини кутаётган кўплаб масалалар мавжуд. Ачинарлиси, ёшлар орасида ишсизлик, маънавий оқсоқланиш, фуқаролар ўртасидаги зиддиятли, низоли ҳолатлар бугунги кунда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда.

Шунинг учун, 2021 йилда жойлардаги ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган секторлар айнан ушбу масалаларни «маҳаллабай» тарзида ҳал қилиш борасида аниқ чора-тадбирларни белгилаб боради. Мақсад «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган оилалар, йигит-қизлар билан манзилли ишлаб, муаммоларини бартараф этишдир.

Жорий йилда қонун устуворлигини таъминлаш ва инсонпарварлик тамойилига таянган ҳолда, жиноятга қўл урган инсонларни жамиятимизнинг муносиб вакили этиб, соғлом турмуш тарзига қайтариш мақсадида 25 та манзил-колонияларни босқичма-босқич қисқартириш бўйича ишлар амалга оширилади. Биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсни тўғридан-тўғри пробация назоратига олиб, уларни оиласи бағрида тарбиялаш имконияти яратилади.

Ўз навбатида, жойлардаги барча давлат ташкилотлари вакилларини жалб этиб, аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантиришга қаратилган самарали ишларни амалга ошириш ички ишлар органларининг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Ҳар бир маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш, айниқса, ўта оғир ва оғир турдаги жиноятларнинг барвақт олдини олиш ишларини янада жадаллаштириш мақсадида ҳудудий ички ишлар органларининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлинмалари, Миллий гвардия ҳамда прокуратура билан ўзаро амалий ҳамкорлигини кучайтириш чоралари кўрилади. Айниқса, хонадон ўғирликлари, фирибгарлик, босқинчилик, талончилик каби жиноятлардан фуқароларимизни асраш борасида кенг қамровли профилактик тадбирлар ўтказиб борилади. Шу билан бирга, коррупция, одам савдоси, наркожиноятлар каби ижтимоий хавфи катта ҳисобланган жиноий қилмишлар учун «жазо муқаррарлиги принципи»ни тўлиқ таъминлаш борасидаги тезкор тадбирлар янада кучайтирилади.

Президентимиз ўз Мурожаатномасида айтганидек, 2005 йилгача мамлакатимизга келиб, доимий яшаётган, шунингдек, юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам 2021 йилдан тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини бериш тартиби жорий этилади.

2021 йилда фуқароларимизнинг мушкулини осон қилиш борасида яратилаётган шароитлар ва қулайликларни янада кенгайтириш учун ички ишлар органлари томонидан аҳолига интерактив тарзда кўрсатилаётган давлат хизматларининг сони 12 тадан 20 тагача етказилади. Шунингдек, барча давлат органлари учун фаолиятини очиқлик ва шаффофлик тамойили асосида ташкил этиш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди. Бу борада бошланган ишларни жадаллаштириб, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш чоралари кўрилади.

Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада белгилаб берилган барча вазифалар ички ишлар органларининг келгуси фаолияти учун муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

(«Янги Ўзбекистон»)