Тошкент вилояти Ииббнинг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор-қидирув тадбири давомида Телеграм ва Инстаграм ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси номидан сохта канал ва гуруҳлар очиб, фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳ фош этилиб, гуруҳ аъзолари қўлга олинди.

Дастлабки суриштирувларга кўра, Андижон вилоятида яшовчи 22–25 ёшли 5 нафар шахс ўзаро жиноий режа тузиб, Телеграм ва Инстаграм тармоқларида божхона тизими номидан “Мусодара товарлар” ва “Оптом склад” номлари остида канал ва гуруҳлар ташкил этган. Шунингдек, гуруҳларда “Божхона қўмитаси админи”, “Ишонч сиз билан” каби ўнга яқин сохта аккаунтлар орқали ўзларини гўёки тизим ходимлари сифатида таништирган.

Улар маиший техника, музлаткич ва телевизорлар, иситиш қозонлари, ошхона ва болалар мебеллари, турли гаджетлар, жумладан ипҳоне телефонларининг сўнгги моделлари ҳамда кийим-кечакларни жуда арзон нархларда таклиф қилиб, аслида мавжуд бўлмаган мотоскутерларгача етказиб беришни ваъда қилган. Тўловларнинг маълум қисми эса ўзгаларнинг номига расмийлаштирилган банк карталар орқали қабул қилинган.

Натижада жиноий гуруҳ аъзолари дастлабки терговга қадар жами 60 нафар фуқаронинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан 117 миллион сўм пул маблағлари ўзлаштирилган ва пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлан юборгани аниқланган. Маҳсулотни талаб қилган ёки қайта алоқага чиққан жабрланувчилар эса жавобсиз қолдирилиб, ижтимоий тармоқларда “қора рўйхат”га киритилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан  жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, фуқароларга етказилган моддий зарарларни қоплаш чоралари кўрилмоқда.

Ўз мухбиримиз.