Тергов-тезкор гуруҳи таркибида воқеа жойига чиққан ҳар бир эксперт-криминалистдан синчковлик ва зийраклик талаб этилади. Бу жиҳатларни яхши ўзлаштирган, устозларидан касб сирларини мукаммал ўрганган лавҳамиз қаҳрамони хизмат йиллари давомида кўплаб жиноятларнинг «иссиқ изида» очилишида иштирок этди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида у тергов-тезкор гуруҳи таркибида 30дан ортиқ воқеа жойини кўздан кечиришда қатнашиб,
64 та ашёвий далил тадқиқотини ўтказди. Шунингдек, воқеа жойларидан олинган излар, дактокарталар, гувоҳлар, жабрланувчилар ва бошқалар сўзидан тузилган фотороботлар, шахси номаълум мурдалар, яшаш жойи ноаниқ бўлган шахсларнинг фотосуратларини ўз вақтида «АДИС-СОНДА», «ДОСЕ» тизимларига киритиб бормоқда. «Попиллон» рақамли технологияси дастурий тизимига 1180 та қўл ва кафт излари туширилган дактокарталарни киритган. Қўл бармоқ излари орқали 3 та ва «Полифасе» дастурий тизими орқали 2 та жиноятни очишда қатнашган.
Эксперт-криминалист ва терговчининг иши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Туман ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Эркин Зиёбеков фаолияти давомида бир неча бор подполковник Зафар Шермуҳамедов билан ҳамкорликда тергов-тезкор гуруҳи таркибида воқеа жойига чиққан. У йил бошидан буён жами 18 та жиноят ишини юритувга олган бўлса, шундан 7 тасини судга оширди.
Ота ҳаётда фарзанди учун тоғдек таянч. Ўғлининг тетапоя бўлишида ва жамиятда ўз ўрнини топишида йўлчи юлдуздир. Эркиннинг падари бузруквори – Нурлан Бикбаум ички ишлар органи ходими сифатида ўғлига ҳам ота, ҳам устозлик қилган. У ИИВ Малака ошириш институти курс бошлиғи. Қаҳрамонимиз дастлабки йўл-йўриқ ва кўникмаларни отасидан олган бўлса, кейин ИИВ Академиясида олган таълими, қолаверса, устозлари ҳамда ҳамкасбларидан ўрганган билимларини қўллаб, тергов ва суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Тергов ва эксперт-криминалист тандеми кўпгина мураккаб жиноятларни очишда қўл келади. Бу икки ходимнинг ҳамкорликдаги хизмати натижалари ҳам ёмон бўлаётгани йўқ. Улар ҳудуд тинчлик-
осойишталиги учун ўз ҳиссасини қўшишяпти.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
