Сўнгги йилларда янги музейлар ташкил этилди, эскилари таъмирланди. Музейларнинг илмий консепсияси миллий ғоя асосида қайта тузилиб, экспозициялари замонавий технологиялар асосида тубдан янгиланди. 

 Маълумотларга кўра, 1980-йилларда Ўзбекистонда 

33 та музей мавжуд бўлган бўлса, 2000-йилга келиб музейлар сони 88 тага, 2010-йилда 105 тага, 2017-йилда 121 тага етган. Бугунги кунда мамлакатимиздаги музейлар сони (филиаллари билан биргаликда) 

138 тани ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида энг кўп музейлар Тошкент шаҳри (30 дан ортиқ), Бухоро вилояти (19 та), Фарғона ва Самарқанд вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. 

 Ўз навбатида ушбу музейлардаги экспонатлар сони ҳам сўнгги 30 йилда қарийб 2 баравар кўпайган. Юртимиздаги музейларда ўзбек ва жаҳон халқлари тарихи ва маданиятига доир жами 

2 736 000 та турли экспонатлар сақланади. 

Яқин йилларда кўплаб янги музейлар ташкил этилди. Хусусан, Нукус шаҳрида ва вилоят марказ­ларида барпо этилган Қатағон қурбонлари хотираси музе­йининг фили­аллари, 2020-йилда пойтахтимизда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган Ғалаба боғи маж­муасидаги «Шон-шараф» музейи, 2020-йилда Ўзбекистон тарихи давлат музейининг филиали сифатида ташкил этилган Тошкент музейи юртимиз тарихининг ҳали тўлиқ ўрганилмаган саҳифаларини архив ҳужжатлари, ноёб экспонатлар ва замонавий кўргазма воситалари орқали тўлақонли ёритиб берганлиги билан ташриф буюрувчиларнинг қизиқишларига сабаб бўлмоқда. 

 Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Қаршидаги ноёб моддий маданий ёдгорликлар реставрация қилинди ва таъмирланди. Худди шундай ишлар Тошкентдаги Ҳазрати имом, Шайх Хованд Тоҳур, Зангиота мажмуалари, Кўкалдош мадрасасида, Термиздаги Султон Саодат, Қирқ қиз, Ҳаким ат-Термизий мажмуаларида, Шаҳри­сабз­даги Оқсарой, Дорут-тиловат, Гумбази Саййидон, Дор ус-саодат мажмуаларида ҳам олиб борилди. Буюк алломаларнинг номлари билан аталадиган 50 дан ортиқ зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжоларда реставрация ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, турис­тик маршрутларга киритилмоқда. 

 Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида кўплаб давлат ва маданият арбоблари ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музейларнинг, хусусан, Эркин Воҳидов уй-музейи (2016), Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов мемориал музейи (2019), Ҳамид Олимжон ва Зул­фия музейи (2017), Шайхонтоҳур тумани, Абдулла Қодирий яшаган уйида Абдулла Қодирий уй-музейи, Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи ҳудудида Абдулла Қодирий мемориал музейи (2019), Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Дўрмон ижод уйи ҳудудида Абдулла Ориповнинг уй-музейларининг (2026) ташкил этилиши халқимизнинг асл фарзандлари, адабиёт ва санъат аҳлига эҳтиром ифодаси сифатида ёш авлодда миллий қадриятларга ҳурмат, Ватан ва миллат тақдирига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиши билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг маданий сиёсати, миллий хотирани тиклаш ва миллий ўзликни англаш нуқтайи назаридан муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Айни вақтда ушбу музейлар мамлакатимизда маданий туризмни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.

Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда музейлар сони ва экспонатлар­нинг бойиб бориши аҳоли ва хорижлик сайёҳларнинг қизиқишини янада ошириб, ташриф буюрувчилар ва сайёҳлар оқимининг кўпайишига ижобий таъсир кўрсатган. 

 Хусусан, статистик маълумот­ларга кўра, мамлакатимиздаги музейларга 2010-йилда 

4,9 млндан зиёд, 2015-йилда 

5,4 млндан, 2019-йилда 

7,7 млндан ортиқ инсонлар ташриф буюрган. 2020-2021-йиллардаги пандемия музейларга ташриф­лар сонини камайишига сабаб бўлган бўлса-да, сўнгги йилларда яна ўсиш тенденсияси кузатилмоқда. 

 2024-йилги маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги энг кўп ташриф буюрувчиларга эга бўлган музейлар 5 талигини графикда кўришингиз мумкин. 

 Шунингдек, Нукус шаҳридаги И.В.Савиский номидаги давлат музейи ҳам ташрифчилар, айниқса хорижий сайёҳлар билан гавжум масканлардан ҳисобланади. 

Шу ўринда ана шундай эзгу мақсадлар йўлида катта маблағлар эвазига бунёд этилаётган турли музейларга аҳолининг ташрифи қай даражада, бугунги ёшларимиз ушбу музейлар ва улардаги ноёб экспонатларни қизиқиб томоша қиляптими, деган ҳақли саволлар туғилади. 

 Баъзан атрофимиздаги одамлар билан саёҳат ҳақида суҳбатлашганимизда, дейлик Ўзбекистон шаҳарларидаги диққатга сазовор манзиллар, айниқса, ҳудудлар­нинг ўзига хос овқатлари ҳақида кўп гапирилади-ю, холис тан олиб айтиш керак, музейлар ёки у ерда сақланаётган ноёб осори-атиқалар тўғрисида кам гаплашамиз. 

Ёки кўпчилик юртимиз музейларида мавжуд бўлган ноёб гавҳарлардан бехабар ёки музейга кетадиган вақтини чойхона, ресторан ёки бозорда ўтказишни афзал биладиган тоифадаги ҳамюртларимиз кўп. 

 Шу боис, музейларга бағишланган туркум кўрсатувлар, ижтимоий тармоқлар учун махсус тарғибот лавҳалари тайёрланиб, доимий тарғибот қилиб борилса, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари томонидан уюшган ҳолда музейларга ташрифлар ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, Ўзбекистон музейлари ўзининг фонди ноёб экспонатлари бўйича дунё­нинг аксарият музейларидан бой бўлса бойдирки, асло қолишмайди. Бундай ноёб хазинадан баҳраманд бўлиш ва уни кенгроқ тарғиб этиш ҳам аслида ватанпарварликнинг бир кўринишидир. 


 Элбек Нормўминов, 

 Ички ишлар вазирлиги музейи бошлиғи, маёр.