Асли хатирчилик М.Н турмушидан ажрашгач, акаларининг ёрдами билан Навоий шаҳридан ижарага уй топди. Бошқаларнинг кундалик юмушларини бажариб, ризқини топиб юрди. Кунларнинг бирида ўзига тўқ қўшниси боласи учун энага излаётганини эшитиб ундан иш сўради.
Чақалоқнинг онаси савдо-сотиқ ишлари билан шуғуллангани боис уйдан эрта тонгда чиқиб кетарди. У М.Н.нинг энагаликдан ташқари уй-рўзғор юмушларини ҳам эплаётганидан жуда хурсанд эди. Бир куни М.Н.ни нафси йўлдан урди. Уй бекасининг токчада турган қутича ичидаги тилла тақинчоқларини тамоша қила туриб, 3 донасини сумкасига солиб қўйди.
Хонадон соҳибаси буни бир неча ҳафта давомида сезмади. Чунки тақинчоқларини фақат тўй-ҳашамларда, меҳмонга борганда тақарди. Кунларнинг бирида тўйга отланаётиб, тилла тақинчоқлар солинадиган қутидан бир зирагини излаб тополмади. М.Н шундай бўлишини сезиб, тўйдан бир кун олдин бетоблигини баҳона қилиб кетиб қолганди.
Жабрланувчи ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Навоий шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида М.Н ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жкнинг 169-моддасига кўра жиноят иши қўзғатилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
