Катта лейтенант Наврўз Илҳомов хизмат фаолиятини Қуйичирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими суриштирувчиси вазифасида бошлаган. Айни пайтда мазкур бўлимда катта терговчи лавозимида ишлаб келмоқда.
Наврўз Илҳомов жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни «иссиқ изида» фош этиш, сифатли тергов қилиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифасига масъулият билан ёндашиб, юқори натижаларга эришмоқда. Хизмат фаолияти давомида босқинчилик, ўғрилик, талончилик билан боғлиқ кўплаб жиноят ишларини тўлақонли ва холис тергов қилиб, суд органларига тақдим этган.
– Терговчилик кишидан диққат-эътиборли, синчков бўлишни, чуқур билимни талаб этади. Чунки деярли ҳеч бир жиноят содир этган шахс айбини тан олмайди, сувдан қуруқ чиқишга ҳаракат қилади. Терговчи эса ҳар бир ишни қонун доирасида кўриб, сабр-тоқат билан ишлаши керак. Жабрланувчининг, гумон қилинувчининг ҳар бир сўзини адолат тарозисига солиб, ашёвий далилларни пухта ўрганиб, хулоса қилиши лозим, – дейди у.
Катта лейтенант Наврўз Илҳомов ўз касбига меҳр қўйгани ортидан одамларнинг раҳматига сазовор бўлиб, дуоларини олиб келмоқда. Ишидан мамнун, ҳамкасблари орасида ҳам ўз ўрнига эга. Айниқса, туғилган кунида ҳамкасбларининг уни ҳурмат қилиши жуда билинади.
– Наврўз байрами куни раҳбарларим ҳатто: «Бор, қўшалоқ байрамни оиланг билан нишонла», деб хизматдан эртароқ озод қилишади, – дейди Наврўзбек.
– Шундай пайтлари ҳамкасбларим «Ҳамма ҳам Наврўз куни туғилсин экан-да», дея ҳавас қилишади.
Фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимизни яшариш ва янгиланиш байрами – Наврўзи олам билан табриклайман. Янги кун барчага шодлик, бахт олиб келсин! Ҳамманинг хонадонига қут-барака ёғилсин.
Биз ҳам қаҳрамонимизни қўшалоқ байрам билан муборакбод этамиз.
Адолат ФАЙЗИЭВА,
«Постда» мухбири.
Тошкент вилояти.
