Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан республикамизда жорий йилнинг 1-март кунидан бошлаб мопед ва скутер эгалари ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши ва бошқарувидаги транспорт воситасига давлат рақами ўрганилган бўлиши керак эди. Аксарият ҳамюртларимизнинг таклифлари инобатга олиниб, ушбу муддат шу йилнинг 1-октабр кунига қадар узайтирилди. Ҳамюртларимизда эса ҳамон савол туғилмоқда? Бу ўзгаришдан мақсад нима?
– Йўлларда ҳаракатланаётган ҳар қандай транспорт воситаси белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиши керак, – дейди Андижон вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати катта мутахассиси, катта лейтенант Абдумажид Раимжонов. – Бироқ кейинги пайтларда мопед ва скутер бошқарувчилари томонидан мавжуд тартибларга риоя этмаслик ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида улар томонидан 33 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилиб, 6 нафар фуқаролар бевақт вафот этганлиги бунга мисолдир. 27 нафар ҳамюртларимиз эса турли даражадаги тан жароҳати олганлар.
Хулоса қилиш мумкинки, жорий этилган бу ўзгариш йўлларда транспорт ҳодисаларини камайтириш, инсон ҳаётига хавф солувчи ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Саминжон ҲУСАНЗОДА,
ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.
