Бугунги кунда ер савдоси бўйича турли хил фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Айрим шахслар бировнинг ерини қалбаки ҳужжатлар орқали сотиб юборса, баъзилари айёрлик билан бир ерни бир неча одамга ҳам сотишгача боради. Шунга ўхшаш ҳолат Наманган вилоятида ҳам юз берди.
Наманган туманида яшовчи аёл туман ички ишлар бўлими бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда бир фуқаро Наманган тумани Оҳунбобоев мавзесида жойлашган боғдорчиликка ихтисослашган ярим гектар ер майдонини 1 гектар деб айтиб, уни туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали номига ўтказиб, молхона қуриб фойдаланиш учун қарор чиқариб бериш эвазига 140 минг Ақш доллари талаб қилаётганини, олдиндан эса 10 минг Ақш доллари сўраётганини маълум қилиб, ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган. Аёлнинг аризасига кўра, туман ички ишлар бўлими тезкор қидирув хизмати ҳамда Департаментнинг Наманган туман бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида аризада номи келтирилган шахс ҳамда яна бир фуқаро кимёвий ишлов берилган 10 минг Ақш долларини аризачидан олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан уларга нисбатан Жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Айни вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, ер олдиотдиси билан боғлиқ ҳар қандай ишлар фақатгина нотариал идоралар орқали қонуний тарзда амалга оширилиши лозим. “Юқорида танишларим бор” деб савдо ишини пишитиб бермоқчи бўлган ҳар хил уддабуронларга алданиб қолманг.
Адолат ФАЙЗИЕВА,
ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
