Туманимиздаги учрашувларда тадбиркорлик фаолияти, қишлоқ хўжалиги соҳаси билан яқиндан танишган Президентимиз шароити оғир ҳудуд ҳисобланган «Шўрариқ» маҳалласида аҳоли билан дилдан суҳбат қурди. Давлат раҳбарининг самимий мулоқоти, айниқса, одамлар орасидаги учрашувлар маҳалланинг келгусида обод ҳудудга айланишига замин яратди.
5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган «Шўрариқ» маҳалласида йўллар таъмирталаб, шароит оғир эди.
62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз, 157 одам меҳнат миграциясида. Ҳал этилиши керак бўлган ишлар эса талайгина.
Президентимиз одамлар дардига қулоқ тутгани чин маънода маҳалла аҳлига олам-олам қувонч бахш этди.
– Энди бу маҳаллани тубдан ўзгартириб, Янги Ўзбекистон нафасини олиб кирамиз. Кўчалар обод қилиниб, қиёфаси янгиланади. Одамларнинг яшаши, сайр қилиб, болалари билан дам олиши учун муносиб шароитлар бўлади,
– деди давлатимиз раҳбари.
Маҳаллани намунали ҳудудга айлантириш бўйича кўрсатма берилиб, шу асосда шаҳар муҳитини олиб кириш ва тадбиркорлик учун шароитларни яхшилаш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилади. Унга кўра, жойлар тайёр лойиҳа ва инфратузилма билан ташаббускорларга таклиф этилади. Натижада маҳалланинг салоҳияти ошиб, атрофдаги
5 та маҳалла учун марказга айланади. Шунингдек, замонавий маҳалла гузари ва сайилгоҳ, болалар ва спорт майдончалари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси барпо этилади. Мактаб ва боғчалар давлат инвестиция дастури доирасида капитал таъмирланади. Кўчалар асфалтланиб, манзарали ва мевали дарахтлар, гул кўчатлари экилади. Эскирган ва ҳосилдорлиги паст боғлар тўлиқ янгиланади. Ижтимоий шартнома асосида одамлар ўз уйларини тартибга келтиради. Ушбу ишлар учун 10 миллиард сўм маблағ йўналтириладиган бўлди. Президентимизнинг туманимизга эътибор қаратиши ва Норинни «Президент тумани» деб атаб, унинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун
100 миллиард сўм маблағ ажратилиши тарихий воқелик бўлди.
Давлат раҳбарининг ташрифи шижоат ва ғайрат билан ишлашга, масъулиятни янада оширишга туртки берди. Эндиликда аҳоли турмуш даражасини ошириш, фаровонликни таъминлаш йўналишида янгича амалий ишлар ташкил этилади. Туманимизда зудлик билан қурилиш, таъмирлаш ишлари бошланди. Бу қайноқ жараёнда биз, ички ишлар органлари ходимлари ҳам ҳудудлар тинчлиги,
осойишталигини таъминлаган ҳолда, камарбаста бўламиз.
Азимжон АЪЗАМОВ,
Норин тумани ИИБ
КБТГ катта инспектори,
капитан.
Наманган вилояти.
