Шерзодбек Ишанханов ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2005-йилда Андижон шаҳар ИИБ Навбатчилик қисми ҳайдовчиси лавозимида бошлаган. Орада Андижон давлат университетини сиртдан тамомлаган. Ундаги хизмат қилиш истаги вилоят «Динамо» Жцжда қўл жанги тури билан шуғулланиш асносида пайдо бўлган.Подполковник Ш. Ишанханов ўтган йиллар давомида Андижон шаҳар ва вилоят Иибларида турли лавозимларда самарали хизмат қилди. 2023-йилдан ҳозирга қадар вилоят ИИБ Ташкилий бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича инспектори лавозимида фаолият олиб бормоқда.Лавҳамиз қаҳрамони истеъфодаги полковник Ғуломжон Раҳимов, подполковниклар Валижон Бўтаев, Содиқжон Нишонов, Абдулла Зиаидовни ўз устозлари деб билади. Шу билан бир қаторда, ўзи ҳам маёрлар Фарёз Раҳмонов, Муҳиддин Зайнобиддинов, Шамшиддин Орипов каби шогирдларига йўл-йўриқ кўрсатиб келмоқда.Рафиқаси Дилдорахон билан тўрт фарзандни вояга етказаётган Шерзодбек Ишанхановнинг катта ўғли Муҳаммадислом ўз йўлини отасига қараб танлади ва у каби бўлишни орзу қилиб ўсди. Ўғлининг оилавий сулолани давом эттириш истагини эшитган ота жуда хурсанд бўлди. Ҳозир у ИИВ Андижон академик лицейининг 2-босқичида таҳсил олмоқда. – Мен отам каби осойишталик посбони бўлишни хоҳлайман, – дейди Муҳаммадислом. – Лицейни тамомлагач, ИИВ Академиясига ўқишга кирмоқчиман. Ички ишлар органларида хизмат қилиш осон эмаслигини, машаққатларга тўла эканини яхши биламан. Лекин халқимиз ҳимоячиси бўлишни, хавфсизликни таъминлашга ўз ҳиссамни қўшишни хоҳлайман.Онаси Муҳаммадисломни фикридан қайтармоқчи бўлиб, мактабни тугатган заҳоти ўзи истаган олийгоҳга ҳужжат топшириши мумкинлигини айтди, лекин у ўз сўзида қаттиқ туриб олди ва осойишталик посбони бўлишга қатъий қарор қилди. Бу йил у лицейни тамомлайди, ҳозирда ИИВ Академиясига ўқишга кириш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда, спорт билан шуғулланмоқда.Инсоннинг мақсад ва орзулари оиладан бошланади. Шерзодбек ҳам ўз ўғли учун муносиб ўрнак бўлди. Ўғил ота изидан кетишдек шарафли йўлни танлади.
Борис КЛЕЙМАН,
ўз мухбиримиз.
Суратда: подполковник Шерзодбек Ишанханов ўғли Муҳаммадислом билан.
Андижон вилояти.
