2023 йилнинг 5 сентябр куни Пахтакор туманининг «Тошкент» маҳалла фуқаролар йиғинидаги дўкондан 13 миллион 200 минг сўмлик 7 дона уяли алоқа воситаси ўғирланди. Қонунбузарлик дўкон ойнасини синдириш йўли билан амалга оширилганди. 

Соҳа вакиллари томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ўғрилик фош этилди. Жиноятни содир этган Пахтакор тумани «Дўстлик» маҳалласида яшовчи Ж.Н., С.М. ҳамда Самарқанд вилояти Пахтачи тумани «Маърифат» маҳалласида истиқомат қилувчи Н.Ш. ушланган. Улардан 19 дона турли русумдаги уяли алоқа воситалари ҳужжатлаштириб олинди.

Суриштирилмоқда

Ички ишлар органлари ходимлари Жиззах вилояти Бахмал тумани «Музбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳ.Ж. ижтимоий тармоқ орқали 554 кишига доимий тарзда диний мазмундаги материалларни тарқатаётганлигини аниқладилар. Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилмоқда.

Зарарни қоплайдиган бўлди

Жиззах вилояти Янгиобод тумани «Совот» маҳалласида жойлашган тикувчилик цехида электр қувватидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Маълум бўлишича, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси манфаатларига 604 минг 800 сўмлик зарар етказилган. Цехга масъул С.Х.га нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.     

 Алижон АБДУСАТТОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.