Қашқадарё вилояти Иибда жорий йилнинг биринчи ярми якунига бағишланган таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов, бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, барча соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, бўлинма бошлиқлари, шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби видеоселектор орқали қатнашди.
Йиғилишда ўтган олти ой давомида вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингланди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятда жамоат тартибини сақлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, мол-мулк дахлсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Эришилган ютуқлар билан бирга фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, жиноятчиликнинг айрим турлари ошган шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари раҳбарларига бу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди. Хизматда муваффақиятга эришган, коррупсион ҳолатларнинг олдини олиб, ички ишлар органларининг имижини оширишга қўшга ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимлар фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари сўзга чиқиб, коррупсия ва тамагирликка йўл қўймаслик, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш борасида раҳбариятнинг қатъий талаб ва топшириқларини ходимларга етказди.
Ўз мухбиримиз.
