“Тош-тош...” Ҳа, ёдингизга нималар келди? Ғани Аъзамов бош ролни ижро этган “Олтин девор” комедиясими? Лекин кўпчилик “Олтин девор”ни “Тош-тош”, дея эслайди, шундай атайди...
Атоқли режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Тошхўжа Хўжаев томонидан 1970 йил Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган ушбу асарнинг ҳар бир сўзи халқимизга ёд бўлиб кетган. Халқона юморга бой асарда бош қаҳрамон Мўмин, яъни Ғани Аъзамов саҳнада ўзгалар билан эмас, ўз-ўзи билан, ўз виждони ва шайтоний нафси билан курашади. Содда, камтар, камсуқум, сипо ва одамохун қаҳрамон томошабинни воқеалар ривожига етаклайди. Бу актёрнинг маҳорати ва юксак истеъдодидан нишонадир.
1909 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган Ғани Аъзамов мана шундай бетакрор ижролари билан халқимиз қалбидан чуқур жой олган санъаткор эди. У актёр бўлишидан аввал трамвай ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Олий ўқув юртида ўқимаган. Катта саҳналарда кичик эпизодик роллар ижро этган. Хусусан, илк бор Уйғун асари асосида саҳналаштирилган “Қалтис ҳазил” комедиясидаги Мамарасул образи унинг илк роли эди.
Ғани Аъзамов камдан-кам учрайдиган туғма истеъдод соҳиби сифатида ўзининг 60 йиллик ижодий фаолияти давомида юздан ортиқ спектаклларда мукаммал образларни саҳнага олиб чиққан. Хусусан, Мунажжим («Алишер Навоий»), Арслоншер («Чин муҳаббат»), Соқи сумбат («Тоға-жиян»), Юсуф («Сўнгги нусхалар»), Бобчинский («Ревизор»), Лаунс («Вероналик икки йигит») каби образлар актёрнинг “маҳорат мактаби” сифатида алоҳида эътироф этилади.
Ғани Аъзамов 1935-йилдан бошлаб кинода ҳам суратга тушади. Актёр «Ўзбекфилм» киностудиясида дунёга келган қатор кинофилмларда эсда қоларли образлар яратди. Куёв («Қутлуғ қон»), Кутубхоначи («Абу Али ибн Сино»), Сартарош «Мафтунингман», Қорашоҳ («Икки дил достони»), Оқсоқол («Тошкент – нон шаҳрида»), Юсуф («Қари устанинг васияти»), Дорбоз («Сенга шаҳримни туҳфа этаман»), Холмат («Суюнчи») каби қатор кинокахрамонлар томошабинларнинг ёдида қолган.
Буюк санъаткор ижросидаги хар бир образ ўзининг тўлақонлилиги ва ёрқинлиги билан кино санъатининг олтин хазинасидан муносиб жой олган, десак, асло муболаға эмас. Актёр «Наштар» ҳажвий киножурнали ташкил этилгач, узоқ йиллар давомида Хўжа Насриддин образини ижро этган.
Ғани Аъзамов 1961 йилда “Ўзбекистон халқ артисти” унвонига сазовор бўлган ҳамда бир неча орден ва медаллар билан мукофотланган.
2001 йилда вафот этган.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА тайёрлади.
