Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан минерал ўғитларни ноқонуний ташиш билан боғлиқ қонунбузарликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Чунончи, соҳа вакиллари Жиззах вилояти Арнасой тумани “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳаракатланаётган “Нехиа”ни тўхтатиб, текширганларида автоулов салонида 15 та қопга жойланган 750 килограмм аммиакли селитра борлиги маълум бўлди. Автомашина ҳайдовчиси, вилоятнинг Бахмал тумани “Новқа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.Ж. ўғитни Арнасой туманининг Гулбаҳор шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи шахсдан сотиб олганлигини билдирди. Бироқ у ўғитга оид бирорта ҳужжат тақдим қилолмаган.

Арнасой туманининг “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғинида шунга ўхшаш яна бир ҳодиса рўй берди. Соҳа вакиллари тунги соат 00:30да Бахмал тумани “Новқа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Б.Қ. бошқарувидаги “Дамас”ни тўхтатдилар. Текширув жараёнида автоуловда ноқонуний равишда 750 килограмм аммиакли селитра олиб кетилаётгани аниқланди. Эътиборлиси, мазкур ҳайдовчи ҳам ўғитни Арнасой туманининг Гулбаҳор шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи шахсдан сотиб олганлигини маълум қилган. Ҳар иккала ҳайдовчи ўғитни Бахмал туманига элтаётганликларини баён этишган.

Худди шундай, вилоятнинг Дўстлик туманидаги “Манас-14” йўл-патрул хизмати масканида фаолият олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари “КИА БОНГО” русумли юк машинасини тўхтатиб текширганларида, автоулов юкхонасида 500 килограмм аммиакли селитра борлиги аён бўлди. “КИА БОНГО” ҳайдовчиси, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “Боғистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.Х. ўғитни уйига олиб кетаётганлигини айтган. Ҳайдовчи ноқонуний юкни Сирдарё вилояти Сардоба туманида яшовчи фуқародан сотиб олганлигини билдирган.

Айни пайтда учала ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаяпти. Ўз навбатида, минерал ўғитлар “Қишлоқхўжаликкимё” аксиядорлик жамиятининг ҳудудий бўлимларига топширилган.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.